Soliq мобил иловаси орқали рўйхатдан ўтказилган 15 900 та харид чеки учун ҳисобланган 11 млрд сўмлик кешбэк суммаси бекор қилинади, дея хабар берди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати.

Президент қарорига мувофиқ, 1 январдан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини Soliq мобил иловасидан рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилмоқда.

1 январдан 1 февралга қадар 32,7 млндан ортиқ (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан, 17,1 млнтага ёки 191 фоизга ошган) харид чеки онлайн назорат-касса техникалари орқали чоп этилган бўлиб, шундан 1,48 млндан ортиғига Soliq мобил иловаси орқали 19,4 млрд сўмлик кешбэк ҳисобланган.

Аммо, ҳозирга қадар кешбэк учун рўйхатдан ўтказилган чеклар таҳлил қилинганда, айрим техник хизмат кўрсатиш маркази (ТХКМ) ходимлари кешбэкка эга бўлиш мақсадида вазифаларини суистеъмол қилиб ўзгалар томонидан амалга оширилган харид учун шаклланган чекларни ўз номидан рўйхатдан ўтказмоқчи бўлганлиги аниқланди, дейилади хабарда.

Жумладан, 3 нафар ТХКМ ходими томонидан ўзлари хизмат кўрсатаётган 281 та тадбиркорлик субъектининг 11 млрд сўмлик 15,9 мингта харид чеки рўйхатдан ўтказилган.

Хусусан, ушбу 3 нафар ТХКМ ходимлари қуйидаги қийматдаги чекларнинг QR-кодлари орқали иловадан рўйхатдан ўтказган:

  • Қ.Н. томонидан 178 та тадбиркорнинг 7 524 та 5,8 млрд сўмлик,
  • Қ.А. томонидан 80 та тадбиркорнинг 5 206 та 4,6 млрд сўмлик,
  • Р.Ф. томонидан 23 та тадбиркорнинг 3 131 та 0,6 млрд сўмлик.

Soliq мобил иловасида юқоридаги шахслар томонидан харидни амалга оширмасдан рўйхатга олинган чеклар учун ҳисобланган кешбэк суммаси бекор қилиниши маълум қилинди.

Қўмита кешбэк амалиёти тўғри қўлланилишини доимий назорат қилиб боришини ҳам эслатиб ўтган.

Маълумот ўрнида, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида солиқ органларига махсус дастур орқали хабар берган жисмоний шахсларга ҳуқуқбузарлардан ундирилган жарима суммаси ҳисобидан 20 фоиз миқдорида мукофот тўланади. Мукофот фуқаронинг банк картасига ўтказиб берилади.

Аввалроқ, «Газета.uz» эълон қилган харид чекини рўйхатдан ўтказиш ва кешбэк олиш бўйича қўлланма эълон қилган эди. Унда шунингдек, солиққа оид ҳуқуқбузарлик тўғрисида Soliq мобил иловаси орқали қандай хабар бериш мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.