Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар орасида «омикрон» штамми устунлик қилмоқда — бу тасдиқланган ҳолатларнинг 85 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси директори Дониёр Миразимов PROVAC лойиҳасида Ферузхан Якубходжаевга берган интервьюсида маълум қилди.

Эпидемиологик вазият

«Биз, январь ойидан, касаллик авж олиши ҳолати, касалланишлар сони ортганини кузатмоқдамиз. „Омикрон“ кенг тарқала бошлагани лабораторияларимизда ўз тасдиғини топди аллақачон. Бугунги кунда республикадаги эпидемиологик ҳолат қуйидагича: янги касалланиш ҳолатларининг 85 фоизи „омикрон“ штаммига, 15 фоизи эса шу кунгача ҳам сақланиб қолган „дельта“ штаммига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, мамлакатда ушбу мавсум учун одатий бўлган грипп ҳам мавжуд», — деди Дониёр Миразимов.

Шифокорнинг таъкидлашича, мурожаатлар сонига нисбатан касалхонада даволанишга муҳтожлар сони ўртасидаги кескин фарқни «беҳуда ваҳима» билан изоҳлаш мумкин.

«Бу ерда аҳоли орасида кенг тарқалган „ПЗР қилдиришим керак“, „зудлик билан касалхонага ётишим керак“, деган омил рол ўйнаётган бўлиши мумкин. Аммо коронавируснинг енгил формасида касалхонага ётишни тавсия этмайман, сабаби, „омикрон“ штаммида инсонда ўпка зарарланиши кузатилмайди. Бундай ҳолатда инсондан фаол ҳаракат қилиш талаб этилади, касалхона шароитида эса бемор ҳаракатсиз ҳолатга келади ва унинг организмини ҳимояловчи ресурслари лозим даражада ишламайди», — дея тушунтиради Миразимов.

«Омикрон»нинг хусусиятлари

««Омикрон» юқумлироқ экани, тезроқ юқишини кузатувларимиз ҳам тасдиқлайди. Шу билан бирга, агар биз сал аввал «дельта» штамми кекса ёшдаги инсонларга тез юқиши ҳақида гапирган бўлсак, ўз навбатида «омикрон» болаларга ҳам, ўрта ва кекса ёшдаги кишиларга ҳам бирдек юқмоқда. Бу штамм айниқса, «иммунитети заифлашган» яъни, кекса ёшдаги кишилар, сурункали касалликларга (қандли диабет, юрак қон-томир касалликлари, жигар циррози ёки онкологик касалликка чалинган) эга инсонларга жиддий хавф солади. Ва биринчи навбатда у хатар гуруҳидаги — эмланмаган инсонларга юқиши мумкин», — дейди Дониёр Миразимов.

ПЗР тест жавоби ижобий чиққанда нима қилиш керак?

«Бундай ҳолатларда биринчи ва энг асосий қилинадиган иш — ваҳимага ўрин қолдирмаслик. Иккинчидан, ўзингизга ва атрофдагиларга зиён етказмаслик ўта муҳим».

Тошкентнинг ҳар бир туманида ихтисослаштирилган ковид-поликлиникалар ва ихтисослаштирилган СЭС лабораториялари мавжуд ва у ерларда бепул тест топшириш имкони бор. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида 1003 колл-маркази фаолият юритади. Агар инсон қандай йўл тутишни билмаса, шу рақамга қўнғироқ қилиб, маслаҳат олиши мумкин".

Шифокор худди ковид сингари мавсумий грипп ҳам юқумли эканини эслатиб ўтади. У «бошқалар ҳақида ҳам ўйлаш кераклиги, жамоат жойларида ниқоб тақиш, масофа сақлаш, яқинларга юқтириб қўймаслик учун ўз-ўзини яккалаш керак"лигини қайд этди.

Қайси ҳолатларда касалхонага мурожаат қилиш мумкин?

Шифокорнинг айтишича, «омикрон» штамми тез тарқалаётган бўлса-да, бироқ у аксарият беморларда енгил формада кечмоқда.

«Бугунги кунда „омикрон“ штамми аниқланиб, касалхонамизга мурожаат қилаётган беморларнинг кунлик сони 600 дан ортган, аммо улар оғир беморлар эмас. Шулар орасидан биз 150−200 нафаригина касалхонада даволаниш учун олиб қоламиз. 15−20 нафар беморгина оғир аҳволда келиши мумкин», — дейди Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси директори.

Инсонда «хавотирли белгилар» кузатилса, яъни нафас етишмовчилиги, сатурациянинг 93 фоиздан тушиб кетиши ёки ҳарорат кетма-кет 4 кун давомида тушмаган тақдирда — бу касалхонага мурожаат этишга сабаб бўлолади.

Бошқа ҳолатларда турар жой бўйича поликлиникадан онлайн-маслаҳат олишнинг ёки ковид-поликлиникалардан олинадиган ва коронавируснинг енгил формасини даволашда самарали саналган ковид-боксларнинг ўзи етарли.

«Россия ва Буюк Британия маълумотларига кўра, «омикрон»га чалинган беморларнинг 80 фоизи касалхонага ётишга муҳтож эмас. Ўйлашимча, бизда кўрсаткичлар бошқача бўлиши мумкин — биздаги беморларнинг ҳатто кўпроқ қисми касалхонага ётқизилишга муҳтож эмас, нега деганда аҳолимизнинг аксарият қисмини ёшлар ташкил этади. Аммо одамларда ваҳима пайдо бўлиб, улар турли усуллар билан касалхонага ётишга уриниши бор гап», — дея таъкидлади Дониёр Миразимов.

Шу билан бирга, у, Зангиота юқумли касалликлар шифохонаси тўлмагани, захира койкалар сони қарийб 800 тани ташкил этишини қўшимча қилади.

«Мен шунингдек, компьютер томографияси қилдиришдан ҳам тийилишни тавсия этган бўлардим. КТ — бу рентген, нурланиш дегани. Айни вақтда буни амалга ошириш учун аниқ кўрсатма бўлиши керак, суякдаги оғриқ, температура кўтарилиши КТ қилдиришга асос бўла олмайди», — дея қўшимча қилди касалхона директори.

«Одамларга айтмоқчи бўлган яна бир гапим — айни вақтда жиддий хавотир учун ҳеч қандай асос йўқ, ҳозирги вазият назорат остида, соғлиқни сақлаш тизимимиз ҳолатни жиловлай олган», — дея ишонтиради шифокор.

«Бу ерда бошқа бир салбий омил бор — у ҳам бўлса ўзбошимчалик билан даволаниш ёки ўзини шифокор санаб олган айрим кишиларнинг ёки малакаси ҳаминқадар бўлган тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилиш. Бизда жуда оммалашиб кетган яна бир ҳолат бор-ки, мен барчани бундай қилмасликка чақирган бўлардим — негадир одамларимиз даволанишни кучли антибиотиклар истеъмол қилишдан бошлашади. У хоҳ „омикрон“, хоҳ „дельта“ ёки мавсумий грипп бўлсин — уларнинг барчаси вирусли инфекциядир. Антибиотиклар эса вирусга ҳеч қандай таъсир ўтказиш хусусиятига эга эмас. Шу билан бирга, улар бир қанча зарарли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Ҳозирда бутун дунёда антибиотиклардан асоссиз фойдаланилаётгани борасида бонг урилмоқда. Улар иммунитетни заифлаштиради. У жуда кучли нарса. Антибиотиклар фақат ва фақат стационар шароитида ва фақат шифокор кўрсатмаси бўйичагина қўлланилиши керак. Кўрсатмалар эса лаборатория тадқиқотларига асосланган бўлади», — деди Дониёр Миразимов.

«Бошқа бир муҳим ҳолат — гормонал препаратларни назоратсиз қўлланилишидан қочиш керак. Ҳозирда шифокорлар уларни камроқ қўлламоқда, аммо шундай ҳолатлар барибир учрамоқда… Бизда дексометазон, баъзи ҳолатларда метилпреднизолон препаратларига ружу қўйиш ҳолатлари кўп учрайди. Қисқа қилиб тушунтираман — бу глюкокортикостероидли гормонлардир. Бу ўта кучли препаратлар бўлиб, инсон ҳаётини сақлаб қолишда қўлланилади. Яъни, улардан чора қолмаган тақдирдагина фойдаланишади. Биз касалхонада фақатгина реанимация шароитида ундан фойдаланамиз. Бизда эса уй шароитида ундан фойдаланиш ҳолатлари ҳам учраб туради», — деди шифокор.

Маълумот учун, 7 январь куни Ўзбекистонга кириб келган чет эл фуқаросида коронавируснинг «омикрон» штамми аниқлангани маълум қилинган эди.