1 февраль куни Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги инновацион клиникада тиббий ёрдам кўрсатишни яхшилаш учун» беғараз кўмак лойиҳаси доирасида умумий миқдори 794 млн япон иенаси (қарийб 6,9 млн АҚШ доллари)ни ташкил этувчи грант шартномасини имзолади. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Эндиликда JICA Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиникага тиббий асбоб-ускуналар етказиб беришни бошлайди.

Aйни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил сентябрь ойида фойдаланишга топширилган Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги Инновацион клиника биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилган. Инновацион клиника Қорақалпоғистондаги асосий ўқув базаси бўлиб, жами 120 ўринга мўлжалланган.

Лойиҳа тиббиёт ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини шакллантириш, тиббиёт фанини ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Грант шартномаси имзоланганидан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Лойиҳани ижро этувчи агентлик ва Японияда танланадиган маслаҳатчи консалтинг хизматларини кўрсатиш (лойиҳа ва тендер ҳужжатларини тайёрлаш, тендер таклифларини баҳолаш, пудратчи ва етказиб берувчи билан шартномалар, назорат қилиш, асбоб-ускуналарни харид қилиш, етказиб бериш, ўрнатиш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатишни назорат қилиш ва бошқалар) бўйича шартнома тузади.

JICA кўмагида етказиб бериладиган тиббиёт ускуналари, жумладан симуляция маркази учун ўқув мосламалари диагностика, даволаш ва асосий касалликлар (режали жарроҳлик амалиётлари, терапия, кардиология, оториноларингология ва ҳоказо)ни даволашда ихтисослашган, юқори технологияли тиббий кўмак сифати ошишига, соғлиқни сақлаш тизимига илғор методлар ва технологиялар жорий этилишига хизмат қилади. Шунингдек, Қорақалпоғистон тиббиёт муассасалари кадрлар салоҳиятининг ўсишига сифатли ҳисса қўшишига йўналтирилган.