Тошкент шаҳрида Инсон қадри индекси жорий этилади, дея хабар берди президент матбуот хизмати. Маълум қилинишича, таклиф 31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтказилган Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти доирасида муҳокама қилинган.

«Маълумки, дунёда Инсон тараққиёти индекси бор. У аҳолининг ҳаёт сифати, саводхонлик даражаси ва умри давомийлигини қиёсий баҳолайдиган кўрсаткичдир. Бу давлатимиз раҳбари илгари сурган „инсон қадрини улуғлаш“ ғояси билан ҳамоҳанг», — дейилади хабарда.


Хабарга кўра, Инсон қадри индекси маҳаллаларни ўрганиш ва унинг натижаларини таҳлил қилиш асосида ишлаб чиқилади. Хусусан, пойтахтнинг Чилонзор, Учтепа, Сергели ва Юнусобод туманларидан биттадан маҳалла танлаб олиниб, аҳоли ўртасида 56 хил масала бўйича сўровнома ўтказилган. Бу орқали маҳаллада қайси соҳа оқсаётгани, одамларда нималарга талаб борлиги аниқланган.

Президент шу сингари таҳлилни синов тариқасида пойтахт маҳаллалари кесимида йўлга қўйиш, унинг натижаларига қараб, муайян ҳудудга эътиборни кучайтиришни таклиф қилди.

«Бунинг мезонлари қандай бўлади? Олти ой ёки йил якунида нимага эришилади? Шунинг учун илмий асосланган тизим керак. Шаҳар ҳокимлигида Ситуацион марказга ўхшаш таҳлил маркази ташкил қилиш, дастурий маҳсулот яратиш зарур», — дея таъкидлаган президент Шавкат Мирзиёев.


«Маҳаллабай ишлаш осон эмас, зиммамизга катта масъулият олаяпмиз. Бу тизим қайси маҳаллага, қайси кўчага биринчи бўлиб киришни кўрсатиб бериши керак. Ҳамма ишларни жамоатчилик билан маслаҳатлашиб, маҳаллий кенгашларда тасдиқлаб, тартиб билан бажариш зарур», — деди у.

Президент индекс лойиҳасини мутахассислар билан муҳокама қилиб, ҳар томонлама такомиллаштириш, сектор раҳбарларига бу тизимни ўргатиш бўйича тавсиялар берди. Бу уларнинг ўз иш услубини ўзгартиришга ундаши таъкидланди, дея қайд этди давлат раҳбари.

Декабрь охирида Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳокимият муайян туманда қайси муаммони ечиш ёки нима қуриш кераклигини аниқлаш учун «Қулайлик индекси»дан фойдаланишини маълум қилганди.