31 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги маҳаллалар аҳолиси муаммоларини ўрганувчи Инсон қадри индекси жорий қилинишини маълум қилди. Ўзбекистон24 каналининг ушбу тақдимотдан кўрсатган лавҳаларида индекснинг кўрсаткичлари намойиш қилинди. Бунга «Газета.uz» эътибор қаратди.

Лавҳага кўра, индексни «Соғлиқни сақлаш», «Таълим», «Хавфсизлик», «Бандлик», «Даромад», «Ҳаракатчанлик», «Демография» ва «Ижтимоий-иқтисодий барқарорлик» бўйича кўрсаткичлар асосида ҳисоблаб чиқилиши таклиф этилган. Ушбу кўрсаткичлар ҳам, ўз навбатида, бир нечта индикаторлар асосида ўрганилади.

Индекс қуйидаги кўрсаткичларни ўз ичига олади:

  • соғлиқни сақлаш: ўртача яшаш умри, аёллар ўлими, эркаклар ўлими, болалар ўлими, сил касаллари сони, ВИЧ инфекциясининг тарқалиши, ногиронга яратилган имкониятлар;
  • таълим: МТМ қамрови, ўрта таълим қамрови, ўрта махсус таълим ўқувчилар сони, тижорат МТМларда ўқувчилар сони, тижорат мактабларда ўқувчилар сони, тижорат олийгоҳларда ўқувчилар сони, спортчилар сони, тўгараклар сони;
  • хавфсизлик: маҳаллада содир этилган жиноятлар сони, қотиллик даражаси, ўз жонига қасд қилиш сони (аёллар), ўз жонига қасд қилиш сони (эркаклар), адашган ва ёт ғоя таъсирига тушганлар;
  • бандлик: ёшга доир нафақахўрлар сони, норасмий банд бўлганлар сони, ишсизлик даражаси, ёшлар ишсизлик даражаси, заиф банд бўлганлар сони;
  • даромад: аҳоли жон бошига реал даромад, аҳоли жон бошига доимий даромади 5 млн сўмдан паст бўлган аҳоли сони;
  • ҳаракатчанлик: интернет фойдаланувчилар сони, мобиль алоқа фойдаланувчилари сони, ташқи миграция коэффициенти, ички миграция коэффициенти;
  • демография: аҳоли сони, аҳоли зичлиги, аҳолининг ўртача ёши, 65 ёшдан юқори аҳолининг даражаси, 18−30 ёшдаги аҳоли сони, ажримлар сони;
  • ижтимоий-иқтисодий барқарорлик: малакали ишчи кучи даражаси (жами ишчи кучига нисбатан), уйсизлар сони, тадбиркорлар сони, 3 та дафтарда турувчилар сони, маҳалла ободлиги.

«Биринчи қайси кўчага боришимиз, маҳалладаги қайси хонадонга киришимиз керак? Ана шуни билсак, энг заиф жойимизни билган бўламиз. Биз инсон омили билан яшаяпмиз, адолатли ҳақиқат билан яшаётганимиз йўқ. Ҳозир Тошкентдаги хоҳлаган туман аҳолисига мурожаат қилсак, барибир шубҳаланади, «Мен камбағалман-ку, мени кўчамда тиббиёт йўқку, мени кўчамда таълим йўқку, икки сменаку дейди. Одамлар ишонмаяпти бизга», — деди президент Шавкат Мирзиёев индекс тақдимотида.

Давлат раҳбари ушбу индекс туман ва шаҳар секторларига қайси фуқаро ёки хонадон билан биринчи навбатда ишлаш кераклигини аниқлаб беришини таъкидлади.

«Навбат билан ёмондан яхшига келамиз. Мана бу маҳалладаги 7 та кўчада фалон-фалон хонадонларнинг ёки фуқароларнинг ҳолати ёмон, мана шундан бошлаймиз. Кейин бошқаларга келамиз, деган гапни қилиши керак улар», — деди у.

Президент 15 кун ичида ҳар бир туман кенгаши, кейинчалик пойтахт ва охирида қонун даражасида тасдиқланадиган илмий асосланган тизим кераклигини айтди.

«Агар йил охиригача биз буни Тошкентда амалга оширсак ва тошкентликлар хурсанд бўлса, биз буни қонунга айлантирамиз. Агар бўлмаса, биз хатолар, камчиликларни таҳлил қиламиз. Кабинетларда ўтириб буйруқ берилган тизим энди бўлмайди. Ушбу индекс бўйича туман ҳокимлиги ва давлат органларининг фақат иш услуби ва талабчанлиги эмас, уларнинг фаолияти тузилмаси ҳам ўзгариши керак», — деди у.

«Бизнинг энг заиф томонимиз, чап қўл қилганни ўнг қўл билмайди. Нега Сергели туманидагилар Мирзо Улуғбек туманидаги поликлиника, касалхонага келишлари керак. Давлат Сергели тумани тиббиёти учун пул ажратяпти. Нега Сурхондарёдан одамлар Тошкентга келяпти? Бу нотўғри. Биз худди эътибор, пул ва давлат топшириқлари йўналтирилган манзил йўқдек ишлаяпмиз. Бизда ҳамма нарса умумий. Бу одамларнинг норозилигини келтириб чиқармоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президент тўртта сектор раҳбарларига ҳар ой индекс доирасида балл берилишини таъкидлади.

«Уч ой, 6 ой ёки йил охирига келиб нимага эришилади? Бош вазир президентга [раҳбар] ишлашга ҳуқуқи борми ёки йўқлиги ҳақида ҳисобот беради», — дея қайд этди давлат раҳбари.