Фарғона вилоятининг Қува савдо комплексида ёнғин чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин бозор ичидаги 25 та кийим-кечак дўконида содир бўлганини маълум қилди.

Ҳодиса 1 февраль куни соат 06:23 да Қува тумани «Ғалаба» МФЙ Бўстон кўчасида жойлашган Қува савдо комплексида содир бўлган.

Унда тахминан 25 та кийим-кечак дўконининг томи, шифти ва ички қисми ёнган. Воқеа жойига вилоят ҳамда туман ФВБларининг раҳбар ходимлари ва 11 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб этилган.

Улар воқеа жойига соат 06:27 да етиб бориб, ёнғинни 07:10 да қуршаб олган. Олов 20 дақиқадан сўнг ўчирилган. Ҳодиса оқибатида фуқароларнинг тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган, дейилади хабарда.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва келтирилган зарар миқдори аниқланмоқда.