Фирдавс Абдуҳолиқов Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий Ассоциацияси (ЎзЭОАВМА) бошқарув раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнига Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжа ЎзЭОАВМА раҳбари бўлди. Бу ҳақда пресс-клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шерзодхон Қудратхўжа (1974 йилда туғилган) — сиёсий фанлар номзоди, доцент. 2008 йилдан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети «Интернет-журналистика, матбаа назарияси ва амалиёти» кафедрасини бошқарган, Тошкентдаги Цингапур менежментни ривожлантириш институтида дарс берган. 2017 йил апрель ойидан Халқаро пресс-клуб раиси, 2018 йил май ойидан Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори лавозимларида ҳам ишлаб келмоқда. 2019 йилда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси аъзоси этиб сайланган.

Аввалроқ, Sevimli телеканалидаги «Сабрия» телесериали танқидидан сўнг телеканал бош директори ва бош муҳаррири лавозимини тарк этганди, телеканал кузатув кенгашига эса вақтинчалик Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлик қиладиган бўлди. Бу АОКА «Сабрия» телесериалига экспертиза тайинланиши ортидан содир бўлди.

«Газета.uz» бу ҳолат телеканал давлат буюртмаси асосида фильмлар суратга олишида манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Сабаби Sevimli телеканали таъсисчилари Фирдавс Абдуҳолиқовнинг қизи ва ўғли (Амира Рашидова — 20%, Абдуллажон Абдухолиқов — 10%) ҳисобланади.

Кейинчалик Кинематография агентлиги матбуот хизмати Sevimli телеканалида намойиш этилган «Сабрия» ва «Дайди қизнинг дафтари» сериаллари агентлик буюртмаси асосида суратга олинмаганини маълум қилди. Телеканал агентлик билан ҳамкорликда «Орзулар палатаси», «Она замин» ва «Тузок» сериалларини суратга олган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Кинематография агентлиги раҳбари Фирдавс Абдухолиқов ва Sevimli телеканали раҳбарияти афилланганлиги юзасидан текширув ўтказиши айтилди.

Унинг натижаларига кўра, Фирдавс Абдухолиқов ва унинг турмуш ўртоғи, қизи ҳамда ўғли таъсисчилари бўлган Sevimli TV ўртасида шартномалар тузиш ва субсидиялар ажратишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланди. Шундан сўнг ҳужжатлар қонуний чора кўрищ учун Бош прокуратурага юборилганди.