Тошкентда ИИВ ходимлари электрошокерлардан фойдалана бошлади. Бу хабарни «Газета.uz»га Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизмати ходими тасдиқлади.

Январь ойи бошидан фақатгина ИИВ томонидан тасдиқланган ходимларгина электрошокердан фойдаланишига рухсат берилган. Шунингдек, улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган махсус тайёргарликдан ўтиб, буни тасдиқловчи сертификат ҳам олишган.

Маълумот учун, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг махсус воситалардан, шу жумладан электрошокердан фойдаланиш тартиби Ўзбекистоннинг «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуни, шунингдек, ИИВнинг тегишли йўриқномаси билан белгиланади.

Хусусан, электрошокерлар, электродубинкалар ва электротўппончалар ички ишлар органи ходимларига йўл-патруль хизматини ва жамоат тартибини таъминлаш учун берилади.

Ички ишлар органлари ходими электрошокердан ўзига ёки фуқарога қилинган ҳужумни қайтаришда, жиноятни ёки ҳуқуқбузарликни тўхтатишда, жиноятга қўл урган одамни ҳибсга олишга ва яширинишга уринишда, қўлга олинган фуқаролар ва биноларни озод қилишда ҳамда оммавий тартибсизликларни олдини олишда фойдаланиши мумкин.

Ўзбекистонда фойдаланиладиган электрошокерлар Россиядаги «Март групп» заводи томонидан ишлаб чиқарилади.