Зеленский Украина армияси 100 минг кишига кўпайтирилишини маълум қилди

Украина президенти Владимир Зеленский армия тўғрисидаги фармонни имзолади, унга кўра, яқин уч йил ичида Украина қуролли кучлари (УҚК) сони 100 минг кишига кўпаяди. Бундан ташқари, УҚКнинг яна 20 та бригадаси тузилади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Ушбу фармонда барча ҳарбийларни молиявий қўллаб-қувватлашни энг кам иш ҳақининг уч бараваридан кам бўлмаган даражага кўтариш, Украинанинг профессионал армия асосларига ўтиши ва шартномалар муддатини ошириш кўзда тутилган. Ҳарбий хизматчилар, фахрийлар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш концепциясини ишлаб чиқиш, офицерларнинг мартаба ошириш тизимини ишлаб чиқиш» режалаштирилган, — деди жаноб Зеленский Украина Олий Радасида парламентнинг янги сессияси очилишида қилган чиқишида.

Лондон халқаро стратегик тадқиқотлар институти ўзининг The Military Balance 2021 йилги нашрида Украина қуролли кучларининг кучини 209 минг ҳарбий хизматчи деб баҳолаган. Бунда қуруқликдаги кучларда 145 минг, денгиз флотида 11 минг ва ҳаво кучларида 45 минг нафар аскар борлиги қайд этилган. 2021 йил июль ойида Олий Рада Украина Қуролли кучларининг максимал сонини 215 мингдан 261 минг кишига ошириш тўғрисидаги қонунни қабул қилган — Коммерсантъ.


Туркия Марказий банки базавий ставкаларни пасайтиришда давом этади

Туркия президенти Режэб Таййиб Эрдўғон асосий ставкани янада пасайтириш ниятида, дея хабар бермоқда Bloomberg.

Бу ҳақда Туркия раҳбари 29 январь, шанба куни маълум қилган. Шимоли-шарқий Гиресун вилоятида бир қатор объектлар очилишида у Марказий банк ставкаларни пасайтириш сиёсатини давом эттиришига ваъда берди.

«Биз инфляция фуқароларга юк эканлигини тушунамиз. Биз илгари фоиз ставкаларини туширганмиз ва уларни пасайтиришда давом этамиз ва улар билан инфляция ҳам пасаяди», — деди Эрдўғон.

Президентнинг сўзларига кўра, турк лираси сўнгги пайтларда «валюта бозорларида манипуляция»га дуч келган. Бунга жавобан давлат миллий валюта курсини барқарорлаштириш чораларини кўради.


Токио шаҳрида 26 йилдан бери илк марта аҳоли сони камайди

Япония пойтахти аҳолиси 2021 йилда 2020 йилга нисбатан қарийб 48,6 минг кишига камайиб, деярли 14 млн кишига етди, дея хабар берди Коммерсантъ.

Бу Токио аҳолисининг 1996 йилдан бери биринчи марта камайиши ҳисобланади.

Йил давомида аҳоли сонининг босқичма-босқич камайиши қайд этилди. Декабрь билан солиштирганда, 2022 йилнинг январига келиб Токио аҳолиси 9872 кишига камайди.

1962 йилда Токио аҳолиси 10 млнга етган, шундан кейин аҳолининг ўсиши секинлашди. 14 миллион даражасига фақат 2000 йилда эришилган. 2015 йилдан 2020 йилгача бутун Японияда яшовчилар сони деярли 1 млнга камайиб, 126,14 миллион кишини ташкил қилган.


The New York Times Wordle ўйинини сотиб олди

The New York Times ижтимоий тармоқларда машҳур бўлишга улгурган Wordle жумбоқ сўзни топиш онлайн-ўйинини сотиб олганини маълум қилди.

Шартнома миқдори етти рақамли экани айтилган, нашр аниқ рақамни ошкор этмаган. Бундан келиб чиқадики, ўйин 1 млн доллар ёки ундан кўпроққа харид қилинган.

Нашр жумбоқ ва кроссвордлар учун алоҳида обунага эгалигига қарамасдан, Wordle бепуллигича қолади.

Wordle — бу бошқотирма ўйини бўлиб, унда беш ҳарфли сўзни олтита уринишда топиш лозим. Уни кунига бир марта ўйнаш мумкин. Хизмат фақат веб-версияда ишлайди, ўйиннинг мобил иловалари мавжуд эмас.

Дастурчи Жош Уордл октябрь ойида шериги ва оиласи учун Wordle’ни ишга туширди. 2021 йилнинг охирига келиб у ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Нашр маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда ўйинчилар сони бир неча млндан ошган.

Шу ойда The New York Times The Athletic спорт янгиликлари веб-сайтини сотиб олиш учун 550 млн доллар сарфлади ва сайт ўзи билан бирга 1,2 млн обуначини олиб келган.


Қозоғистон ҳукумати мамлакатда вазирлар ва депутатлар маошларининг оширилишини тақиқловчи қарорни имзолади

Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси 31 январь куни вазирлар, парламент депутатлари ва маъмурият раҳбарларининг иш ҳақини оширишни тақиқловчи қарорни қабул қилди. Бу ҳақда республика бош вазирига таяниб ТАСС хабар берди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 11 январь куни вазирлар, вилоятлар раҳбарлари ва депутатлар иш ҳақини оширишга беш йиллик мораторий эълон қилганди.

«Давлат раҳбарининг фармойиши ижроси доирасида «Парламент депутатлари, ҳукумат аъзолари ва барча даражадаги ҳокимларнинг (бошқарувчилар) иш ҳақини оширишга мораторий киритиш тўғрисида»ги қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.


Дания Европа Иттифоқи давлатлари ичида биринчи бўлиб COVID-19 чекловларини бекор қилди

Данияда 31 январдан бошлаб коронавирусга қарши барча чекловлар ўз фаолиятини тўхтатади, шу тариқа мамлакат илгари мавжуд бўлган барча чораларни бекор қилган биринчи Европа Иттифоқи давлати бўлди, дея хабар берди Интерфакс.

Энди Данияда ниқоблар ва COVID паспортлари мажбурий бўлмайди. Шунингдек, бар ва ресторанларнинг иш соатлари чекланмайди. Тунги клублар ҳам қайта очилмоқда, бино ичида одамлар сонига чеклов олиб ташланди.

Шу билан бирга, мамлакатга келганлар, хусусан, Шенген ҳудудидан ташқаридаги мамлакатлардан эмланмаган сайёҳлар учун айрим чекловлар сақланиб қолади.

Чекловлар коронавирус билан касалланишнинг юқори даражасига қарамай олиб ташланди — 31 январь куни мамлакатда 27,6 мингга яқин инфекция ҳолати қайд этилган. Данияда аҳолининг 80 фоиздан ортиғи вирусга қарши вакцинанинг иккала дозасини олган ва тахминан 60 фоизи бустер доза билан эмланган.