Адлия вазирлиги қонунчиликда ёқимсиз ҳидлар ва уларни тартибга солувчи нормалар ўз аксини топмаганлиги сабабли ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифини билдирди.

Вазирлик қайд этишича, «мамлакатда атмосфера ҳавосини ифлосланганлик даражаси халқаро миқёсда ҳам юқорилигича қолмоқда».

Ҳаво сифатини мониторинг қилиш билан шуғулланувчи «AirVisual» халқаро ташкилоти хабарига кўра, Ўзбекистон 2018 йилда ҳавоси энг кўп ифлосланган давлатлар рейтингида 16-ўринни (34.3 µg/m³) эгаллаган. Кейинги икки йил давомида бу кўрсаткич фақат 2 поғонага яхшиланган (18-ўрин, 29.9 µg/m³) холос.

Маълумот ўрнида: рейтингнинг 2018 йилги ҳисоботида 73 та давлатлар қайд этилган бўлиб, энг ифлосланган ҳавога эга давлатлар рўйхатида Бангладеш (1-ўрин), Покистон (2-ўрин) ва Ҳиндистон (3-ўрин) етакчилик қилиб, Австралия, Финляндия ҳамда Исландия давлатлари энг тоза ҳавога эга мамлакатлар деб топилган. Рейтинг тузувчиларнинг таъкидлашича, ҳар йили ҳаво ифлосланиши туфайли таҳминан 7 млн киши вафот этади, шунингдек, бу ҳолат жаҳон иқтисодиётига ҳар йили 225 млрд долларлик зарар етказади.

Нима учун ёқимсиз ҳидлар бизни «хавотирга солиши» керак?

Атмосфера ҳавосига, аҳоли саломатлигига таъсир кўрсатувчи ва долзарб аҳамият касб этиб бораётган муаммолардан бири бу — зарарли ва ёқимсиз ҳидлардир.

Ҳидлар кимёвий моддаларнинг бурун бўшлиғидаги рецепторларни қўзғатиши натижасида пайдо бўладиган ҳислар сифатида талқин қилинади. Атроф-муҳитда сезиладиган ҳидлар концентратларнинг аралашмасидан иборат бўлиб, учувчан кимёвий бирикмалар ҳисобланади.

«Шу сабабли ҳидлар бизни кайфиятимизга, иш фаолиятимизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмайди. Ҳидларнинг эмоционал хусусияти ҳам инсонларнинг хатти-ҳаракатларида намоён бўлади. Уларнинг инсонлар кайфиятига ижобий ёки салбий таъсир қилиши, албатта, ҳидларнинг ёқимли ёки ёқимсизлигига боғлиқ. Масалан, эрталабдан гулнинг, атирнинг ифорли ҳиди инсонларга кун бўйи яхши кайфият бағишласа, маиший чиқиндилардан чиқаётган ёқимсиз ҳидлар аксинча кайфиятимизни бузади», — дейилади Адлия вазирлиги хабарида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «ёқимсиз ҳидлар кўз, бурун ва томоқни тирнаш хусусиятига эга бўлиб, бош оғриғи, кўнгил айниши, диарея, овознинг хириллаши, томоқ оғриғи, йўтал, кўкрак қафасидаги сиқилиш, бурун тиқилиши, нафас қисилиши, стресс, уйқучанликни келтириб чиқаради».

Шунингдек, ёқимсиз ҳидлар билан боғлиқ мурожаатлар статистикаси юритилмасада, сўнгги пайтларда ОАВларда аҳоли яшаш ҳудудларида саноат корхоналари томонидан ёқимсиз ҳид манбаи бўлган чиқиндилар атроф-муҳитга чиқарилаётганлиги, бу маиший турмушда турли ноқулайликларни, ва ҳатто аҳоли соғлиғига салбий таъсирларни юзага келтираётганлиги ҳақидаги фуқароларнинг шикоятлари кўпаймоқда, дейилади хабарда.

Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2021 йил 1 январь ҳолатига саноат ва қурилиш соҳасидаги корхона ва ташкилотлар сони 124 489 тани (улардан 83 539 таси саноат корхоналари) ташкил этган. «Уларнинг асосий фаолияти ишлаб чиқариш (қайта ишлаш) эканлигини ҳисобга олсак, ёқимсиз ҳидларни келтириб чиқариши мумкин бўлган манбалар томонидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган турли хил зарарли ва ўткир ҳидли чиқиндилар ҳажми ҳам шунга кўра ортади», — дейилади вазирлик хабарида.

Амалдаги қонунчилик

Ўзбекистонда атмосфера ҳавоси сифати «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун билан тартибга солинади. Бироқ, ушбу қонунда атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича умумий қоидалар белгиланган, ёқимсиз ҳидлар масаласи назарда тутилмаган.

Санитария қоидалари ва нормаларида эса атмосфера ҳавосига зарар етказувчи корхоналар фаолиятига оид нормалар белгиланган. Жумладан, «Аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича» санитария қоидалари ва нормаларида (СанПиН 0350−17-сон) саноат хавфи, атмосфера ҳавосининг зарарланиш манбаи бўлган технологик жараёнлар асосида фаолият юритувчи корхоналар, уларнинг алоҳида бинолари ва иншоотларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирини камайтириш мақсадида санитар-ҳимоя зоналари белгиланган.

Маълумот ўрнида: санитар-ҳимоя зоналарнинг 5 тоифаси: I тоифа — 1000 м, II тоифа — 500 м, III тоифа — 300 м, IV тоифа — 100 м, V — 50 м, мавжуд бўлиб, бундай зоналар муаяйн турдаги корхоналарнинг шу зона ҳудудида фаолият юритишини назарда тутади.

«Лекин мазкур қоидаларда ҳам айнан ёқимсиз ҳидлар ва уларни тартибга солувчи нормалар ўз аксини топмаган. Шу сабабли атроф-муҳитни зарарловчи (ифлослантирувчи) чиқиндилар билан бир қаторда, ҳид таъсирининг рухсат этилган максимал даражасини ҳуқуқий тартибга солиш зарурияти мавжуд», — дея қайд этди Адлия вазирлиги.

Хорижий давлатлар тажрибаси

Вазирлик маълумотларига кўра, хорижий давлатларда ёқимсиз ҳидларга қарши ҳуқуқий механизмлар яратилган. Масалан, Японияда ёқимсиз ҳидлар билан боғлиқ муносабатлар 1972 йилда қабул қилинган «Ёқимсиз ҳидларни назорат қилиш тўғрисида»ги қонун («Offensive Odor Control Law») билан тартибга солинади. Францияда AFNOR X-43−101, Нидерландияда NVN 2820 стандартлари мавжуд. Германияда эса «Ҳаво сифатини назорат қилиш бўйича техник йўриқнома» (Technical Instructions on Air Quality Control) амал қилади. АҚШда ёқимсиз ҳидларга қарши кураш штатлар қонунчилиги билан тартибга солинади.

«Ёқимсиз ҳидларларнинг атроф-муҳитга, инсонлар саломатлигига салбий таъсири, шунингдек, аҳоли ва саноат корхоналари сонининг ўсиши, шаҳарларнинг кенгайиб бориши мамлакатимизда ҳам ёқимсиз ҳидларга қарши самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш заруриятини келтириб чиқаради», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, бу турдаги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш орқали ёқимсиз ҳидларларнинг атроф-муҳитга таъсири олди олинади, маиший турмушда ҳидлар туфайли юзага келадиган ноқулайликлар бартараф этилади. Пировардида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун зарарсиз атмосфера ҳавосига эга бўлиш ҳуқуқлари таъминланади.

Шундан келиб чиқиб, Адлия вазирлиги таҳлил натижалари ва бу борада ишлаб чиқилган таклифлар уларни амалиётга татбиқ мақсадида маъсул идораларга киритилганини маълум қилди.