Январь ойининг 25 кунида республика бўйича 280 мингта хонадоннинг 1 кунлик истеъмолига тенг табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Энергетика вазирлиги.

Бу махсус штаб томонидан истеъмолчиларнинг табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари таҳлилиги ўтказилганида маълум бўлган.

Тадбир натижаларига кўра, республика бўйича 215 та ҳолатда улгуржи истеъмолчилар томонидан 4 млн 900 минг куб метр ҳажмдаги табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган. Бунинг оқибатида газ таъминоти корхоналари манфаатларига 5,5 млрд сўм зарар етказилган.

Вазирлик маълумотига кўра, ушбу ҳажмдаги табиий газ 280 000 та хонадоннинг бир кунлик истеъмолига тенг.

Аниқланган барча ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг сентябрида Самарқанд вилоятида бир қатор корхоналар газ тармоғига ноқонуний улангани аниқланганди. Ўшанда ўғирликдан етказилган зарар 2,8 млрд сўмга баҳоланмоқда.