Президентнинг 29 январдаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-107-сон] қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:

  • маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;
  • давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;
  • маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.

Эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатиши тақиқланади. Шунингдек, аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади.

Бундан ташқари, қарорда бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланиши белгиланди.

Аввалроқ, президент қарори билан 1 майдан суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолиятини рақамлаштириш ва ишни судга қадар юритиш бўйича «Электрон суриштирув ва дастлабки тергов» ахборот тизими жорий этилаётгани ҳақида хабар берилганди. Тизимдаги жисмоний ва юридик шахсларга оид маълумотлар суриштирув ва тергов органларининг сўровига кўра тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин «Газета.uz» 2022 йил 1 февралдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этганди.