ДХХ Андижон, Жиззах, Самарқанд ҳамда Хоразмда ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилганлигини ва мазкур ҳолатлар бўйича гумондорлар воқеа жойида қўлга олинганини маълум қилди.

Андижон шаҳридаги МЧЖлардан бирининг раҳбари ўзганинг ишончига кириб, унга 6 гектар майдонда 240 та дўкондан иборат бўлган савдо комплексининг қурилиш ишлари ўзи раҳбарлик қилаётган компания томонидан амалга оширилаётганлигини айтган.

У фуқарога 10 та савдо дўконини сотишини ҳамда танишлари орқали дўконларнинг кадастр ҳужжатларини ва шаҳар ҳокимининг тегишли қарорини чиқартириб беришини ваъда қилган. Бунинг эвазига эса фуқародан 117 минг доллар сўраган. Ушбу маблағнинг 60 минг долларини олган вақтида қўлга олинган.

Хоразмнинг Ҳазорасп туманида яшовчи 1959 йилда туғилган фуқаро туман ҳокимлиги заҳирасидаги 6 сотих ерни ўзиники эканлигига ишонтириб, бошқа шахсга сотмоқчи бўлган. У 10,5 минг доллар олган вақтида, қўлга тушган.

Жиззахда эса 1987 йилда туғилган зоминлик фуқаро ўзганинг номида бўлган 50 гектар лалми ерни 250 млн сўмга сотаётган вақтида ушланган. Аниқланишича, унда ер майдонларини сотишга ваколат бўлмаган. Шунга қарамай, у вилоят ҳокимлиги ҳамда кадастр тизимидаги танишлари орқали ер майдонини расмийлаштириб беришини айтган.

Самарқандда ўтган тезкор тадбирда шаҳардаги адвокатлик бюроси адвокати ўзига ижарага берилган Жомбой туманидаги 4 гектар ерни сотишга қарор қилган. Уни харидорга расмийлаштириб бериш эвазига 23 минг доллар сўраган. Шундан 15 минг долларни олаёган вақтида ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов жараёнлари кетмоқда.

Аввалроқ, пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК ходими 3 шериги билан 30 сотих ерни 420 минг долларга сотмоқчи бўлиб, 42 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ушлангани хабар қилинганди.