Ҳуқуқни мухофаза қилувчи идоралар томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда «Тавҳид ва жиҳод катибати» террорчилик ташкилотига аъзоликда гумонланган 30 нафар фуқаро ушланди, деб хабар берди ДХХ.

Мазкур ташкилот Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарори билан террористик ташкилот деб топилиб, мамлакат ҳудудида унинг фаолияти тақиқланган.

Қўлга олинганлар ёшлардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари Андижон, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан Тошкент шаҳрига ишлаш мақсадида келганликлари маълум бўлган. Улар Тошкент шаҳри ҳудудида жамоавий йиғинларни ўтказиб, келгусида Сурия ҳудудида фаолият юритаётган террорчилик ташкилотларининг сафига қўшилишни режалаштириб келганлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 19 февралида «ТЖК» нинг 21 аъзоси ушланганди. Ўшанда уларнинг яшаш манзилларидан жиноятга алоқадор бўлган ашёвий далиллар топилган. 23 июнда ҳам Тошкентда мазкур ташкилотнинг 25 нафар аъзоси қўлга олинган.

Ноябрь ойида ДХХ томонидан «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти таъсирига тушиб қолган шахс Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, 2022 йилнинг 12 январида мазкур террористик гуруҳда иштирок этиш ва жиҳод ғояларини тарқатишда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси Россияда қўлга олинганди.