Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов вилоятни ривожлантириш стратегияси режалари билан бўлишди. Бу ҳақда Zarnews хабар берди.

Вилоят ҳокимининг режасига кўра, келгуси 5 йилда Самарқандда 1900 км йўл шағаллаштирилиб, «лой бўлган йўл умуман қолмайди». Шунингдек, 8 минг км йўлларга асфальт ётқизилади, 270 та кўприкларда қурилиш, таъмирлаш реконструкция ишлари амалга оширилади, 61 минг донадан ортиқ эски симёғочлар тўлиқ янгиланади, 2200 кмдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари тортилади, реконструкция қилинади.

«Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор инсон қадрини улуғлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу стратегия жойлардаги ижро ҳокимияти вакилларига келгуси 5 йилда нима ишларни амалга оширишимиз кераклигини, қандай мақсадларга эришишлигимизни эга, кесим қилиб оддийгина тилда ишлаб чиқилган дастурий амалдир. Ўтган йил якунлари бўйича вилоятимиз аҳолисининг умумий даромади 51 триллион сўмни ташкил этиб, 24 фоизга ўсди. Аҳоли жон бошига 12 миллион 900 минг сўмга етди. Келгуси беш йилда буни 2,5 баробар ошириш ва 32 миллион сўмга етказиш кўзда тутилган. Жорий йилда эса аҳоли [жон бошига] даромадлар 16 миллион сўм бўлиши кутилмоқда», — деди Турдимов.

Унинг айтишича, бу мақсадларга эришиш учун 2022−2026 йилларда вилоятда камида 8 млрд долларлик 5,5 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳалар амалга оширилади. Бу орқали 250 мингдан ортиқ реал, доимий иш ўрни яратилиши, ишсизлик даражасини 2 баробар қисқартириш назарда тутилган.

Вилоят ҳокимига кўра, 2022 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва даромадларни ошириш мақсадида бевосита маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари тавсияси ва хулосаси асосида 1,3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Шунингдек, жорий йилда Самарқанд шаҳрини «бир миллионли шаҳар» га айлантириш борасида фаол иш олиб бориш кўзда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Турдимов ўтган йилнинг апрель ойида Самарқанд 2021 йил охирига қадар аҳолиси бир миллиондан ошадиган шаҳарга айланишини айтган эди.