28−29 январь кунлари Эрон ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси Каспий денгизи ва Туркманистон орқали Ўзбекистон ҳудудига кириб келиши кутилмоқда, деб хабар берди Ўзгидромет.

Бу вақтда мамлакат бўйлаб кучли шамол бўлиши кутилмоқда: 28 январь куни Қорақалпоғистон, Хоразм, Тошкент, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 17−22 м/с гача, Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Жиззах вилоятларида ҳам ҳолат шу тарзда, бироқ бу ҳудудларнинг айрим туманларида шамол тезлиги 25− 28 м/с гача кучайиши мумкин.

29 январь, шанба куни Сурхондарё, Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларида шамол 17−22 м/с гача эсиши мумкин.

Шу кунлар ичида Ўзбекистон бўйлаб баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим туманларда бу қорга айланиши мумкин. Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда ҳам ёмғир ва қор ёғиши кучайиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ синоптиклар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг баъзи жойларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача бўлишини, натижада ҳудудда чанг бўрон ва ғуборлар кузатилиши мумкинлигини айтганди.