Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Жамолиддин Қаландаров аҳоли томонидан берилаётган «блэкаут» сабаб иситиш тизими ишлатилмаган кунлар учун пул тўланиш ёки тўланмаслигига оид саволларига жавоб берди.

«Ҳеч қанақа ҳавотирга ўрин йўқ, мана [иситиш тизими] ишлатилмаган кунлар учун албатта пул чегириб ташланади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 194-сон қарорида ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган», — деди у.

У шунингдек, иссиқлик таъминоти (отопления) илгарига иш режимига қачон қайтишига ҳам тўхталиб ўтди. Таъкидланишича, 26 январь куни Тошкент шаҳридаги барча қозонхоналар фаолияти тикланган.

«Лекин иссиқлик хонадонларга кириб бормаган, бу фавқулодда ҳолат билан боғлиқ. Чунки газ босимининг кўтарилиши 27 январь, эрталабдан бошланди ва меъёрига чиқиш қозонхоналарда ҳам аста-секинлик билан давом этаяпти», — деди вазирлик вакили.

Жамолиддин Қаландаровнинг сўзларига кўра, «мутахассислар ҳам қозонхоналарнинг иссиқлик температурасини бирданига кўтариб бўлмаслигини, бу бсоқичма-босқич амалга оширилишини маълум қилган».

«Бугун (27 январь) тунга бориб, меъёрий босқичга чиқиш имконияти бўлади. Газ босимининг мана шундай даражада кўтарилиб бориши иссиқлик таъминотидаги олдинги ҳолатга қайтишга ёрдам беради», — деди у.

Унинг таъкидлашича, биргина Тошкент шаҳридаги барча қозонхоналарда бир соатда 19 минг метр кубдан ортиқ сув иситилади ва хонадонларга юборилади.

Аввалроқ, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов кеча, чоршанба куни соат 18:00 га қадар республика бўйича иссиқ ва совуқ сув таъминоти тўлиқ тикланишини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Тошкентдаги барча қозонхоналар фаолияти тиклангани, бироқ, газ босими пастлиги учун қозонхоналар етарли иссиқликни кўп қаватли хонадонларга бера олмаётгани маълум қилинганди.