Ўзбекистон Уй-жой коммунал хизмати кўрсатиш вазирлиги аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлар, жумладан, хонадонларга меъёрида иссиқлик етказиб берилмаётганига тушунтириш берди.

Вазирлик ҳозирги вақтда Тошкент шаҳрида мавжуд барча қозонхоналар ишга туширилганини қайд этди. «Аммо, хабар берилганидек, газ босимининг пастлиги боис қозонхоналар етарли иссиқликни хонадонларга бера олмаяпти», — дейилади хабарда.

Ҳозирда қозонхоналардаги табиий газ босимини кўтариш бўйича мутасаддилар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Вазирлик истеъмолчилардан етказилган ноқулайликлар учун узр сўради.

Энергетика вазирлиги эса 26 январь 21:00 ҳолатига Ўзбекистондаги истеъмолчиларнинг 63 фоизи табиий газ билан таъминланганини маълум қилди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда газ босими нисбатан пастлигича сақланиб қолмоқда.

Тошкент вилоятида — 89 фоиз, Наманганда — 77 фоиз, Андижонда — 73 фоиз, пойтахтда — 67 фоиз, Фарғонада — 32 фоиз ва Самарқандда — 6 фоизни ташкил қилмоқда.

Мазкур ҳудуд истеъмолчиларининг табиий газ босимини барқарорлаштириш учун керакли ишлар олиб борилмоқда.