26 январь, чоршанба куни соат 18:00 га қадар аҳолининг иссиқ ҳамда совуқ сув таъминоти тўлиқ тикланади. Бу ҳақда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов Халқаро пресс-клуб сессиясида маълум қилди.

Маълум бўлишича, кеча электр энергиясиз ўтган кунда республикада ишлаб турган 13500 кўп хонадонли уйга иссиқ сув етказиб берадиган 501 та қозонхона ишлашдан тўхтаган. Буларнинг 224 таси Тошкент шаҳрига тўғри келади. Қозонхоналар 25 январь куни кечқурун соат 20:00 дан сўнг босқичма-босқич ишга тушишни бошлаган.

«Иссиқлик энергияси циркуляцион етказиб берилиши инобатга олиниб, биз эрталаб соат 04:00 гача параметрга чиқдик. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги барча қозонхоналар ишлаб турибди. Авария ҳолати юзага келган 9030 та кўп хонадонли уйнинг 9000 таси иссиқ сув билан таъминланган. Ҳозирча 1% хонадон иссиқ сувсиз турибди. Куннинг охиригача ҳолатни ўз жойига қўямиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, электр энергия тиклангандан сўнг тизим ўз фаолиятини тиклаши учун ярим сутка вақт керак бўлди.