Республикада 70 фоиз электр энергия таъминоти тикланганди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмурадова маълум қилди.

Таъкидланишича, юзага келган носозлик туфайли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

«Бу эса ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда. Шу сабабли ИЭСларда газ босимининг камайиши мавжуд. Бу эса электр энергияни ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда», — деган у.

Шу сабабли 26 январдан:

  • Автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар ўрнатилади;
  • Юридик истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш тўхтатилади.

Истеъмолчиларни электр энергия билан барқарор таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари, аҳолига етказиб берилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекнефтгаз тизимидаги 64 та кон ҳамда нефть ва газ ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилгани айтилганди. Шунингдек, «Худудгазтаъминот» компанияси табиий газдан қарздорлик учун автоматик равишда ўчириш вақтинчалик тўхтатилганини маълум қилганди.

Видео