Энергетика вазирлиги юзага келган носозликлар сабабли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилаётганини маълум қилди.

Бу эса, ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда. Шу сабабли иссиқлик электр станцияларида газ босимининг камайиши кузатилмоқда ва бу электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Ҳозирги вақтда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан келиб чиқиб республиканинг айрим ҳудудларида навбатма-навбат электр энергияси етказиб берилмоқда», — дейилади хабарда.

Энерготизимда кузатилган носозликлар сабабли юзага келган муаммоларни бартараф этиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

Энергетиклар томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва ҳозирги шароитдан келиб чиқиб сиздан энергия қурилмаларидан оқилона фойдаланиш ва хонадонда ортиқча электр жиҳозларини тармоққа уламасликни сўради.

Таъкидланишича, бу саъй-ҳаракатлар кўпроқ истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беради.

«Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати эса «Ўзбекнефтгаз» АЖга тегишли «Газли», «Шўртан» ва «Муборак» нефть-газ қазиб олиш бошқармасига қарашли 64 та коннинг иши вақтинча тўхтатилганини маълум қилди. «Бу, ўз навбатида, „Ўзтрансгаз“ АЖ магистраль газ қувурлари ва „Ҳудудгазтаъминот“ АЖ маҳаллий тармоқларида босимнинг пасайишига таъсир кўрсатди», — дейилади хабарда.

Айни пайтда Фарғона водийси, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларининг бир қатор туманлари ҳамда Тошкент шаҳрида табиий газни етказиб беришда босимнинг пасайиши ёки унинг йўқлиги кузатилмоқда.

Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» босимни тиклаш ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш бўйича барча зарур чоралар кўрилаётганини маълум қилди.

Ҳозирги вақтда газ етишмаслиги ёки уни етказиб бериш пайтида босим пасайган манзилларда газ ишлатадиган барча жиҳозларни ўчириб қўйиш ва биноларда газ ҳиди йўқлигини текшириш керак.

Зарурат туғилганда 1104 салл- марказига ёки 104 диспетчерлик хизматига қўнғироқ қилиш мумкинлиги эслатилган.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ юзага келган ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўради.