Европа Иттифоқи Украина туфайли Россияга валюта конвертацияси, экспорт ва импортни чеклашга рухсат берди

Европа Иттифоқи Россияга қарши валюта конвертацияси, экспорт ва импорт, «асосий технологиялар»дан фойдаланишни чеклаш каби санкцияларни кўриб чиқмоқда. ЕИ бу маълумотни расман изоҳлагани йўқ дея хабар берди Bloomberg.

Агентликнинг қайд этишича, агар Россия Европа мамлакатларига газ етказиб беришни чекласа, киберҳужумлар қилса, дезинформацион кампаниялар ўтказса ёки Украинага бостириб кирса, ЕИ юқоридаги санкцияларни қўллаш ниятида.

Агентлик манбаларидан бири «асосий технологиялар»ни Swift тўлов тизимига кириш ва «электр энергияси учун жарималар» деб тушунишини маълум қилган. Агентлик манбаси бу тезисни батафсилроқ ошкор қилмаган.

Бир кун аввал, 25 январь куни АҚШ президенти маъмурияти вакили Қўшма Штатлар ва ЕИ Россияга қарши эҳтимолий санкцияларни фаол равишда батафсил муҳокама қилаётганини айтганди. Унинг таъкидлашича, АҚШ Европага муқобил газ етказиб берувчиларни қидирмоқда. Германия Россияга қарши энергия санкцияларига қаршилик қилмоқда.

Шунингдек:

  • АҚШ президенти Жо Байден Россия Украинага бостириб кириши билан Россия президенти Владимир Путинга нисбатан шахсий санкциялар қўлланилишини истисно қилмаслигини айтди. Байденнинг тахмин қилишича, Россиянинг Украинага нисбатан ҳаракатлари қандай бўлишини фақат Россия президентининг ўзи билади. «Ҳамма гап Путинда. Менимча, унинг атрофидагилар ҳам (унинг режалари ҳақида) аниқ билишмайди», — деди АҚШ президенти.

Қозоғистонда антитеррор операциялар режими бекор қилинди

Қозоғистон махсус хизматлари 26 январдан сўнгги уч ҳудуд — Олмаота ва Жамбил вилоятлари, шунингдек, Олмаота шаҳрида аксилтеррор операцияси режимини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда республика Миллий хавфсизлик қўмитаси сайтида хабар берилди.

«Терроризмга қарши кураш бўйича Республика оператив штаби 26 январь соат 00:00 дан террорчилик хавфининг ўта қизил даражасида бўлган Олмаота, Жамбил вилоятлари ва Олмаота шаҳрида аксилтеррор операцияси режими тўхтатилгани ҳақида хабар беради. Ушбу ҳудудларда террористик таҳдиднинг юқори тўқ сариқ даражаси ўрнатилди», — дейилади хабарда.


Францияда бир суткада биринчи марта ярим миллион кишида COVID-19 ҳолати аниқланди

Франция соғлиқни сақлаш хизматлари 25 январь куни эълон қилган маълумотларга кўра, Францияда бир суткада 501 мингдан ортиқ янги коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилган. Бу ҳақда Интерфакс хабар берди.

Бу пандемия даврида мамлакатда касалланганлар сонининг кунлик энг юқори кўрсаткичидир Сўнгги 24 соат ичида Францияда 364 киши коронавирусдан вафот этди.

Жанубий Кореяда ҳам COVID-19 билан касалланганлар сонининг кунлик ўсиши рекорд даражага етди. Бир кунда 13 мингдан ортиқ киши касалланган. Мамлакат учун бу пандемиянинг бутун давридаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади — Интерфакс.

Германияда сўнгги сутка давомида 164 мингдан ортиқ коронавирус инфекцияси қайд этилди, бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткич, дея хабар берди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибига кирувчи Роберт Кох институти.


Арманистон бош вазири Никол Пашинян коронавирусга чалинди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян коронавирусга чалиниб, ўз-ўзини изоляцияга қилишга ўтди, дея хабар берди республика ҳукумати матбуот хизматига таяниб РИА Новости.

«Пашинян коронавирусга тест топширди, натижаси ижобий бўлди. Бош вазир белгиланган тартибда ўзини-ўзи изоляция қилади», — дейилади хабарда. Матбуот хизмати хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари масофадан туриб ишлайди.