26 январь, бугун Самарқанд вилоятида шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро йўналишларда хизмат кўрсатувчи автобус йўналишларида транспорт воситалари сони кескин даражада камайиб кетди. Ушбу вазият Самарқанд вилояти Транспорт бошқармаси сиқилган газ билан боғлиқ вақтинчалик чекловлар сабаб юзага келганини маълум қилди.

Бошқарма автобусларни йўналишларга чиқариш учун барча чоралар кўрилаётганини қайд этди.

Бундан ташқари, Наманган вилояти Транспорт бошқармаси ахборот хизмати вилоятда ҳам автобуслар ҳаракати тўхтаганини маълум қилди.

«Электр энергия таъминотидаги узилиш сабаб Фарғона водийсига табиий газ узатувчи компрессор станциялари фавқулодда тўхтаб қолган. Ҳозирда водийга етказиб берилаётган газ миқдори кескин камайиб кетганлиги боис газ қувурларида босим тушиб кетган. Шу сабабли Фарғона водийсидаги АГТКШларга 26 январдан табиий газ етказиб берилмаслиги ва натижада Наманган вилоятидаги жамоат транспортларининг (автобуслар) ҳаракатлари вақтинча тўхтаб қолган», — дейилади хабарда.

Қорақалпоғистон Транспорт вазирлиги матбуот котиби Захида Калжанованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, Қорақалпоғистондаги жамоат транспортидаги автобуслар сиқилган газ қуйиш шохобчаларидаги узун навбатларда қолиб кетмоқда.

Ҳозирги пайтда (соат 15:40 ҳолатига) ҳудуднинг Тахиатош тумани туманлараро йўналишидаги автобусларда ёқилғи қолмагани боис ҳаракат тўхтаган.

Захида Калжанованинг таъкидлашича, вазирлик Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашига йўловчи ташиш билан шуғилланаётган жамоат транспортларига истисно тариқасида заруратга қараб куннинг маълум бир вақтида сиқилган газ қуйишга ва давомий равишда жамоат транспортлари учун лицензия варақасини тақдим этган тақдирда, алоҳида яшил йўлак (колонка) ажратиб, навбатсиз ёқилғи куйиш шароитини яратиб беришни сўраб мурожаат қилган.

Маълумот учун, 26 январь куни газ қуйиш шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши эълон қилинди.

АОКАда бўлиб ўтган брифингда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Эльмира Бекмурадова республикада 70 фоиз электр энергия таъминоти тикланганини маълум қилди.

Таъкидланишича, юзага келган носозлик туфайли мамлакатдаги мавжуд газ қазиб олиш конлари ва уни қайта ишлаш заводларида технологик жараёнларнинг бузилиш ҳолатлари кузатилмоқда. «Бу эса ўз навбатида газ ишлаб чиқариш ҳажмининг камайишига олиб келмоқда. Шу сабабли ИЭСларда газ босимининг камайиши мавжуд. Бу эса электр энергияни ишлаб чиқаришга салбий таъсир кўрсатмоқда», — деган у.

Шу боис, 26 январдан:

  • Автомобилларга газ тўлдириш станциялари фаолиятига вақтинчалик чекловлар киритилди;
  • Юридик истеъмолчиларга ҳам табиий газ етказиб бериш тўхтатилди.

Истеъмолчиларни электр энергия билан барқарор таъминлаш мақсадида ишлаб чиқарилаётган табиий газ тўлиқ ҳажмда ИЭС, ижтимоий соҳа объектлари, аҳолига етказиб берилиши таъкидланган.