Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ер савдоси билан боғлиқ қонунбузарликлар аниқланди. Бу ДХХ ҳамда департамент томонидан ўтказилган текширувлар давомида маълум бўлган.

Жумладан, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Муниципал активларни бошқариш маркази» ДУК ҳодими ўзининг 3 шериги билан келишиб, Ҳалқа автомобиль йўли бўйидаги 30 сотих ерни тадбиркорга сотмоқчи бўлган. Улар Тошкент тумани ҳокимлиги захирасидаги мазкур ерни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали кўп қаватли уй қурилиши учун ажратиб беришга ваъда қилишган. Эвазига қурилиш фирмаси раҳбаридан 420 минг доллар сўрашган. Шундан 42 минг долларни аванс сифатида олаётган вақтларида қўлга тушган.

Самарқандда эса Ургут туманида яшовчи 1997 ҳамда 1998 йилда туғилган фуқаролар ўзганинг номида бўлган 50 сотих сувли ерни 65 минг долларга сотишга келишиб олишган. Ер учун берилиши керак бўлган пулдан 30 минг долларини олган вақтида ДХХ ҳамда департамент ходимлари томонидан ушланган.

Шу билан бирга, Жомбойда 23 ёшли шахс Давлат кадастрлар палатасининг тумандаги филиал ходими билан келишиб, ҳокимлик захирасидаги 25 сотих бўш ер майдонини харидорга расмийлаштириб бериш учун ундан 24 минг доллар сўраган.

Бундан ташқари, Давлат кадастрлар палатасининг Жиззахдаги туман филиалларидан бирининг раҳбари яшаш хонадони ёнидаги 38 сотих ерни аукционда сотиб олишда кўмаклашиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш учун фуқародан 6,5 минг доллар пора талаб қилган. Тезкор тадбир давомида мансабдор шахс сўралган пулнинг 6 минг долларини олгани маълум бўлган.

Сирдарёда қайд этилган ҳолатда эса 1992 йилда туғилган шахс Гулистон туман ҳокимлиги захирасидаги 6 сотих ерни кадастр тизимидаги танишлари орқали фуқаро номига расмийлаштириб бериш учун 4 минг доллар олган вақтида қўлга тушган.

Юқорида келтирилган ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилгани айтилмоқда. Тергов давом этяпти.