Ўзбекистон энерготизимидаги техник носозликлар ортидан бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи кескин ошиб кетиши мумкин эмас. Буни қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаев Халқаро пресс клуб навбатдаги сессиясида таъкидлади.

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етарли даражада етиштирилган. Ўзимизда [ишлаб чиқарилгани] талабни қопламайдиганлари — картошка ёки гўшт маҳсулотлари ҳам октябрь, ноябрь, декабрь ойларида етарли миқдорда омборхона, музлаткичларга олиб келиниб, захира қилиб қўйилган. Буларни ҳаммаси бозорларда нарх барқарорлигини сақлаб, асоссиз нархлар ошишига олиб келмайди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бошқа сабзавот, мевалар ҳамда тухум маҳсулотлари ҳам маҳаллий бозор эҳтиёжини қоплашга етади.

Қолаверса, бугунги кунда мамлакатда жами 4500 дан ортиқ музлаткичлар борлиги қайд этилди. «Энг асосийси ҳозирги музлатгичлар замонавий типда қурилган, яъни, уларнинг ҳаммаси лойиҳада дизель генератори кўзда тутиб қурилган. Кечаги ҳолатда ҳам бир кунда дизель генератори орқали ишлади», — деди вазир ўринбосари.

Бундан ташқари, республикада 5000 гектардан ортиқ майдонда 3400 дан ортиқ иссиқхона мавжудлиги айтилди.

«Газдан келган мутахассисларимиз ҳам айтаяптики, бугун, эрта муқобил энергиядан фойдаланиб туришса, уёғига газ таъминоти билан амалга оширилаверади», — деди Шуҳрат Мирзаев.

Аввалроқ, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Қурбон Турсунов чоршанба куни соат 18:00 га қадар республика бўйича иссиқ ва совуқ сув таъминоти тўлиқ тикланишини маълум қилганди.