Ўзбекистоннинг 10 та туман ва 6 та шаҳрида чарм-пойабзал тармоғига ихтисослашган 16 та кичик саноат зонаси ташкил этилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Ушбу зоналар Нукус, Олтинкўл, Шаҳрихон, Жондор, Наманган, Ургут, Самарқанд, Ангор, Оҳангарон ва Ҳазорасп туманлари, Наманган, Марғилон, Қўқон, Жиззах, Қарши ва Нурафшон шаҳарларида ташкил этилади. Мазкур ҳудудларда инфратузилмани барпо этиш учун бюджетдан 90 млрд сўм ажратилади.

Ускуналар харид қилиш учун тадбиркорларга 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга кредит берилади. Умуман, соҳани қўллаб-қувватлашга жорий йилда 60 млн доллар имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилади.

Бунда соҳага тегишли аввал берилган солиқ ва божхона имтиёзлари 2026 йилгача узайтирилади. Шунингдек, чет эллик мутахассисларни жалб этиш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Чет элларда улгуржи омбор ва савдо уйлари ташкил қилиш учун хорижий валютада 3 йилга 4 фоизлик кредитлар ажратилади.

Ҳозирда Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган чарм-пойабзалнинг 23 фоиз улуши аёллар пойабзалига, 8 фоизи болалар пойабзалига тегишли. Шу боис бу йўналишни ҳам солиқ имтиёзи орқали рағбатлантиришга кўрсатма берилди.


«Бу жуда катта марра. Бу мақсадга эришиш учун бозор ҳам бор, катта миқдорда хом ашё ҳам бор, талабгор ҳам бор. Фақат бунинг учун тадбиркорларга барча шароитларни яратиб бериш керак…Энг катта масала — мутахассис етишмаслиги. Шунинг учун барча ҳудудлар бу борада аниқ режа қилиб, жойларда кадрларни ўқитиш тизимини йўлга қўйиши керак» — деди президент.

Бундан ташқари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида замонавий Ўқув-ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этилиши белгиланмоқда.

Йиғилишда қайд этилишича, 2017 йилда 760 млрд сўмлик чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 4 трлн 415 млрд сўмни ташкил этган. Шу даврда экспорт ҳажми 105 млн доллардан 421 млн долларга етган. Яъни, ишлаб чиқариш қарийб 6 баробар, экспорт 4 баробар ўсган. Тайёр маҳсулотлар улуши ҳам 32 фоиздан 78 фоизга кўпайган.