Президент матбуот котиби Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр энергияси ўчиши билан боғлиқ вазият президент назоратида эканлигини маълум қилди.

«Юртимиз ва қўшни мамлакатларнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Дастлабки ўрганишлар бу ҳолат умумминтақавий энергия тизими доирасида юзага келган носозликлар оқибатида келиб чиққанини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади Шерзод Асадов.

«Таъкидлаш керакки, вазият шахсан президентимиз назорати остида. Ўзбекистон энергия тизимини барқарорлаштириш ҳамда электр таъминоти ва бошқа тармоқлар ишини тиклаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида деярли ҳар дақиқа давлатимиз раҳбарига ахборот бериб борилмоқда», — дейилади хабарда.

«Шундай экан, барчангизни хотиржамликни сақлаш ва саросимага тушмасликка чақириб қоламиз. Ваҳимага ўрин йўқ», — деди давлат раҳбарининг матбуот котиби.