Ижтимоий тармоқлардаги бир қанча экстремистик ва террористик деб топилган саҳифа ва каналларнинг рўйхати Адлия вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинди.

Маълумотга кўра, Олий суднинг 2021 йил 24 декабрдаги ҳал қилув қарорига асосан ижтимоий тармоқлардаги 19 та канал (гуруҳ, материал)лар экстремистик ва террористик деб топилган ҳамда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тарқатиш, тайёрлаш ёки намойиш этиш тақиқланган.

Улардан 8 таси Telegram мессенжерида, яна 8 таси Facebook ва 3 таси Instagram платформаларида фаолият олиб боради.

Адлия вазирлиги тақдим этган умумий рўйхатда экстремистик ва террористик деб топилган саҳифа ва каналларнинг сони қарийб 150 тани ташкил этади.

Ушбу саҳифалар «Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасини бузган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилаётган, тайёрланаётган, сақланаётган, тарқатилаётган ва намойиш этилаётган, ОАВда тарқатилаётган материаллар агар экстремистик фаолиятни амалга оширишга ошкора даъват қиладиган бўлса, қонун ҳужжатларига кўра суд томонидан экстремистик материаллар деб топилади ҳамда уларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этиш тақиқланади.