Таълим ҳар қандай замон ва маконда жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигини таъминлашнинг асосий дастаги вазифасини ўтаб келган. Инсоният маданий ҳаётнинг бугунги даражасига келгунига қадар нимагаки эришган бўлса, барчаси унинг ақл-заковати ва билими маҳсули эканлиги кундек равшан.

Ахборот асрида жаҳон иқтисодиётининг билимлар иқтисодиётига томон трансформацияси таълимнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлайди. Билимлар иқтисодиёти шароитида билим — энг асосий ресурс сифатида майдонга чиқади.

Билимлар иқтисодиёти — бу билимлар асосига қурилган иқтисодиёт; бунда яратилган ҳар қандай маҳсулот ёки хизматнинг (қиймат) асосий таркибий қисмини интеллектуал капитал, содда қилиб айтганда, ишчиларнинг билими ташкил этади. Жаҳон банкига кўра, билимлар иқтисодиёти билимнинг амалиётга тадбиқ этилиши, малакали кадрлар ва яхши таълим тизими, ахборот ва коммуникацион технологиялар инфратузилмасининг мавжудлиги ҳамда инновацион жараёнлар билан характерланади.

Таълимнинг тараққиёти алоҳида олинган шахслар, бизнес ва мамлакат миқёсида фаровонликка хизмат қилади. Жумладан, яхши таълим алоҳида олинган шахснинг, энг аввало, меҳнат бозоридаги танловини кенгайтиради, юқори даромадни кафолатлайди. Билимли ва малакали кадр ҳар қандай бизнесни юқори меҳнат унумдорлиги ва янги ғоялар билан таъминлайди. Мамлакатда жамғарилган интеллектуал капиталнинг юқори даражаси унинг ривожланганлик даражасини баҳолашда асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан ҳар қандай давлатда таълим соҳасини ривожлантиришга устуворлик берилади.

Жумладан, Ўзбекистонда республика бюджети ҳисобидан ижтимоий соҳага йўналтириладиган маблағларнинг асосий қисми таълим соҳаси ҳиссасига тўғри келади. 2022 йил учун маъқулланган давлат бюджети параметрларига кўра, Мактабгача таълим, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига қарийб 36,5 трлн сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 7753 та мактабгача таълим ташкилоти, 10181 та умумтаълим муассасаси, 790 та ихтисослаштирилган мактаб, шунингдек, президент мактаблари, 339 та касб-ҳунар таълими муассасаси ҳамда 127 та олий таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда (2020−2021-ўқув йили). Айни пайтда, мамлакатда нодавлат таълим ташкилотлари сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг келгуси беш йиллик мўлжалларига мувофиқ, мамлакатда мактабгача таълимдаги қамров даражаси 80 фоизга, олий таълимдаги қамров даражаси 50 фоизга етказилиши, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиш режалаштирилган.

Бироқ, қайд этиш жоизки, мамлакатда таълимни юқори босқичга кўтариш ва малакали кадрлар тайёрлаш учун таълимга давлат харажатларини кўпайтириш, соҳада хусусий сектор улушини ошириш ёки қамров даражасини ошириш, бир сўз билан айтганда, мамлакатда таълимни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатининг ўзи етарли эмас. Бунга етарлича фактлар ва илмий асослар келтириш мумкин.

Биринчидан, таълим олиш имкониятининг мавжудлиги таълим олишнинг ўзига тенг эмас. Яъни, масалан, боланинг мактабга қатнаётганлиги унинг билим олаётганлигини англатмайди. UNICEF маълумотларига кўра, дунё бўйлаб қарийб 617 миллион болалар ва ўсмирлар ўқиш ва математика бўйича минимал кўрсаткичдаги билим даражасига ҳам эга эмас, ваҳоланки, уларнинг учдан икки қисми мактабда ўқийди. Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси бу борада Африка давлатларидан кейин иккинчи ўринда бўлиб, минтақада 6−14 ёш оралиғидаги болалар ва ўсмирларнинг 81 фоизи мазкур фундаментал фанлар бўйича минимум даражадаги билимга эга эмас.

Иккинчидан, ўқувчи ва талабаларнинг таълимдаги кўрсаткичларига нафақат таълим тизимининг жорий ҳолати, балки оилавий шарт-шароитлар ва шахсий хусусиятлар каби қатор омиллар ҳам таъсир кўрсатиши илмий жиҳатдан исботланган.

Хусусан, АҚШнинг Висконсин-Медисон университети мутахассислари томонидан ўтган аср охирларида олиб борилган тадқиқотларга кўра, боланинг таълим олиш жараёнида қайд этадиган кўрсаткичлари — эришадиган ютуқларини уч гуруҳга мансуб омиллар белгилаб беради.

Биринчи гуруҳ — бу институционал омиллар бўлиб, уларга таълимга киритилган инвестиция, маданий ҳаёт, ижтимоий-иқтисодий муҳит омиллари киради. Бу каби омиллар ота-оналар ҳамда болаларнинг таълим борасидаги қарорларига таъсир кўрсатади.

Иккинчи гуруҳ — ота-она билан боғлиқ омилларни ўз ичига олади. Ота-она томонидан болалар учун ажратилган вақт, даромад даражаси, оиланинг тузилиши ва катта-кичиклиги, боланинг таълим олиши билан боғлиқ қарорлар ва энг муҳими, боланинг ижтимоий келиб чиқиши — оилавий муҳити шулар жумласидан. Мазкур омиллар, бир сўз билан айтганда, ота-онанинг қарорлари юқорида санаб ўтилган институционал омиллар — ҳукуматнинг қарорларига жавобан шаклланиб, боланинг таълим олиши ҳамда ривожланишига бевосита таъсир кўрсатади.

Учинчи гуруҳ — боланинг ўз хоҳиш-истакларини, имкониятлари ҳамда камчиликларини акс эттирувчи қарорлар. Шунингдек, боладаги таълим олишга бўлган рағбат. Бу, ўз навбатида, жамият ва ота-она тарафидан қабул қилинган қарорлар таъсирида юзага келади.

Ота-она билан боғлиқ омиллар — ота-онанинг маълумоти ва даромади даражаси

Оиланинг даромади даражаси, оиланинг тури, катта-кичиклиги ва ота-оналарнинг маълумоти каби омиллар болаларнинг етарли даражада ва сифатли таълим олишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги қатор илмий изланишлар натижасида ўз тасдиғини топган.

Британиялик тадқиқотчилар томонидан уй хўжаликлари орасида ўтказилган кенг қамровли сўровнома натижалари шуни кўрсатадики, таълим билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда ота-оналарнинг маълумоти даражаси ва жинси муҳим рол ўйнайди. Ота-оналарнинг ўқимишлилик даражасига кўра фарзандларнинг таълим олишдаги потенциалини прогноз қилиш мумкин экан. Айниқса, онанинг маълумоти даражаси фарзандларнинг мажбурий таълимдан кейин таълимни давом эттириши ёки давом эттирмаслигини ҳал қилувчи асосий омил ҳисобланади. Қиз фарзандларнинг таълимни давом эттириш борасидаги қарорига ҳам онанинг маълумоти даражаси кучлироқ таъсир кўрсатади. Умуман олганда, ота-онанинг маълумоти даражаси қанчалик юқори бўлса, фарзандларнинг таълимни давом эттириш, жумладан, олий таълим олиш имконияти шунча ошади.

Шунингдек, тадқиқотчиларнинг қайд этишича, фарзандларнинг таълим олиши билан боғлиқ масалада, оиланинг даромади паст ёки юқори бўлишидан қатъи назар, ота-онанинг маълумоти даражаси ўз таъсир кучини йўқотмайди.

Бундан ташқари, Британия таълим тизимида ўтказилган ислоҳотлар натижалари таҳлилий ўрганилганида, таълим бозорини кенгайтириш ва имкониятлар тенглигини таъминлаш юзасидан амалга оширилган барча институционал саъй-ҳаракатларга қарамай, таълимдаги тафовут оилавий келиб чиқиши яхшироқ бўлган болалар фойдасига ошиб боргани кузатилган. Паст даромадли оилаларда ўсаётган болалар эса соҳанинг улар учун зарарли бўлган жиҳатларидан азият чекишда давом этаётганлиги аниқланган.

Шунингдек, 2004−2005 йилларда Буюк Британияда ўтказилган тадқиқотларнинг тасдиқлашича (1, 2), олий таълимни кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юқори ва паст даромадли ота-оналар фарзандларининг таълим даражаси ўртасидаги тафовутни камайтирмайди. Бу — олий таълим бозорини кенгайтириш орқали адолатли натижаларга эришиб бўлмаслигига, соддароқ айтганда, олий таълимга давлат харажатларини ошириш орқали аҳолининг бой ва камбағал қатламининг таълим олиш имконияти ва таълим даражасини тенглаштириб бўлмаслигига ишора қилади.

АҚШнинг Иллиноис Веслян университетида ўтказилган тадқиқотлар натижаларига кўра, болаларнинг таълимда қайд этган натижалари ва учта омил — оналарнинг маълумоти, оиланинг даромади даражаси ва оиланинг катта-кичиклиги ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашларича, «болалар билан ўтказиладиган вақтнинг сифати ва миқдори» уларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан камол топиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари, таълим тизими, ҳар бир ўқувчига ажратиладиган маблағ миқдори ва мактабнинг жойлашуви ҳам боланинг таълимдаги ютуқларини (ёки муваффақиятсизлигини) белгилаб берувчи асосий омиллар қаторига киритилган.

Иллиноис Веслян университети мутахассислари ўз тадқиқотлари натижаларига таяниб, кам таъминланган, ёлғиз она қарамоғидаги ва кўп болали уй хўжаликларига бу борада ҳукумат кўмаги зарур эканлигини қайд этган.

Ғарб ва Шарқ тажрибасидаги ўзига хослик

Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, Ғарб ва Шарқ мамлакатларида болаларнинг таълимдаги натижаларига оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ва таркибий омилларнинг таъсири турлича эканлиги аниқланган. Хусусан, бу борада Хитой, АҚШ ва Германия мисолида олиб борилган илмий изланишлар шуни кўрсатадики, бошқа мамлакатларда бўлганидек, Хитойда ҳам «болаларнинг академик кўрсаткичларига оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати таъсир қилади, бироқ Хитойда оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати таъсири АҚШ ва Германиядагига қараганда анча кичик». Хитойда таълимга мамлакатдаги сиёсий ва иқтисодий тизим билан боғлиқ бўлган таркибий омилларнинг таъсири нисбатан кучлироқ. АҚШ ва Германияда эса бу омиллар деярли аҳамиятга эга эмас.

Содда тилда айтганда, АҚШ ва Германияда, кам таъминланган ёки ёмон оилавий муҳитда ўсаётган болаларнинг таълимда муваффақият қозонишига яхши ташкил этилган таълим тизими ҳам ёрдам беролмаслиги мумкин. Хитойда эса аксинча, болаларнинг оилавий аҳволи қандай бўлишидан қатъи назар, бу уларнинг таълимда юқори натижаларни қайд этишларига тўсқинлик қилмайди. Бу борада фақат тизимдаги жузъий камчиликлар ёки таълим бозоридаги таклиф рол ўйнаши мумкин, холос.

Бу борада хитойлик олимларнинг хулосаларига таянилса, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати хитойлик болаларнинг таълимдаги натижаларига таъсир этувчи асосий омиллардан бирилигича қолмоқда. Бироқ, қайд этилишича, шаҳар ва қишлоқ жойлар кесимида унинг таъсир кучи турлича эканлиги аниқланган. Хусусан, оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати шаҳар жойларда ўсаётган болаларнинг таълим олиш имкониятига кучлироқ таъсир кўрсатади. Яъни ота-оналар фарзандларининг сифатли таълим олиши ва таълимда яхши натижаларга эришишини таъминлаш мақсадида ўзларининг ижтимоий ва иқтисодий ресурсларини сафарбар этадилар (давлат мактаби ва бозордаги бошқа таълим хизматларининг яхшироғидан фойдаланиш каби). Қишлоқ жойларда эса болаларнинг таълимдаги ютуқларига ўзларидаги таълим олишга бўлган рағбат кучлироқ таъсир кўрсатади. Яъни чекка ҳудудларда яшовчи ота-оналар фарзандларининг таълим олиш жараёнида бевосита иштирок этиш (таълимга оид масалаларни биргаликда муҳокама қилиш, дарс қилишда кўмаклашиш ва ҳ.к.) орқали уларда таълимга бўлган қизиқишини ошириш, билим олишга оид зарур одат ва кўникмаларни рағбатлантирадилар ҳамда шу орқали фарзандларининг таълимдаги муваффақиятини таъминлайдилар.

Ижтимоий-иқтисодий оқибатлар ҳақида қисқача

АҚШдаги хусусий мактаблардан бири берган маълумотларга кўра, институционал омиллар (мактабларнинг етишмаслиги, талабга жавоб бермайдиган шарт-шароитлар) ва молиявий етишмовчиликлардан ташқари, таълимнинг аҳамиятини тўла англамаслик, жамиятдаги турли стереотиплар ва, айрим ҳолларда, ноқулай географик жойлашув натижасида болалар етарли даражада таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлишади.

Бу эса, ўз навбатида, болаларда саломатлик билан боғлиқ муаммолар, қатор ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келади. Жумладан:

  • саломатлик ҳолатининг ёмонлиги;
  • кутилаётган умр кўриш давомийлигининг қисқалиги;
  • қашшоқлик;
  • ишсизлик;
  • иш ҳақининг паст даражаси;
  • гендер тенгсизлиги;
  • жамиятдан узилиш;
  • ноқонуний хатти-ҳаракатлар;
  • иқтисодиётнинг заифлашуви;
  • жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига фаол аралаша олмаслик.

Нима қила оламиз?

Бугунги кунда таълим соҳасидаги сифат, технология таъминоти ва тенгсизлик муаммосидан барча ривожланаётган давлатлар, ҳатто айрим ривожланган давлатлар ҳам азият чекади. Дунё ҳамжамияти таълим инқирозини бошдан кечираётган бир пайтда, пандемия уни янада чуқурлаштирди. Хусусан, 2020 йил пандемия авжига чиққан пайтда дунё бўйлаб 1,6 миллиардга яқин бола анъанавий шаклда таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлганди. Ҳозирги кунда ҳам дунё миқёсида қарийб 38 миллион ўқувчилар учун мактаблар қисман ёки бутунлай ёпилган.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига қараганда, пандемия инқирози вақтидаги таълим соҳаси билан боғлиқ иқтисодий йўқотишларнинг умумий қиймати триллионлаб АҚШ долларига тенг бўлиши мумкин. Болалар таълимидаги йўқотишлар ўнлаб йиллар давомида уларнинг умумий фаровонлиги ва меҳнат унумдорлигига таъсир кўрсатиши мумкин.

Айни пайтда пандемия таълимдаги тикланиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар кўришни талаб қилиш билан бирга, ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий келиб чиқиш ва шароитлардаги болалар билим олиши ва ривожланиши учун таълимни қайта кўриб чиқиш ва қайта тиклаш учун «ноёб имкониятни» тақдим этганлиги таъкидланади.

Жаҳон банкига кўра, глобал таълим инқирозини учта қадам билан енгиб ўтиш мумкин — малакали ўқитувчиларни тайёрлаш ва жалб қилиш, тизимни энг замонавий технологиялар билан таъминлаш орқали ўқиш ва ўқитиш сифатини яхшилаш, тизимда бошқарувни кучайтириш ва унинг самарали ташкил этилишини таъминлаш.

Бироқ буларнинг аксарияти, юқорида таъкидланганидек, ҳукумат қарорлари ва тизим билан боғлиқ омиллар сирасига киради. Таълимда кутилган натижаларга эришиш биргина тизимга эмас, аҳоли даромадлари, таълимга нисбатан қарашлар, ота-оналар ўз билими ва савиясидан келиб чиққан ҳолда қабул қиладиган қарорларига боғлиқлигича қолаверади.

Юқорида келтирилган тадқиқотлар натижалари, илмий далиллар ҳамда мутахассислар тавсияларидан келиб чиққан ҳолда хулоса қилиш мумкинки, таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсати доирасида ишлаб чиқилган чора-тадбирларга қўшимча равишда қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ:

1. Биринчи навбатда, шаҳар ва қишлоқ жойлар таълим инфраструктурасида мавжуд тафовутларни имкон қадар қисқартириш орқали таълимда тенгликни, жамиятда барча болаларнинг бир хил шарт-шароитларда таълим олишини таъминлаш зарур.

2. Даромадлар тенгсизлигини имкон қадар қисқартириш. Жамиятда даромадлар тенгсизлигининг кучайиши қуйи даромадли ва юқори даромадли оилаларда ўсган болаларнинг академик натижалари орасидаги тафовутнинг кенгайишига, бундан ташқари, қуйи даромадли оилалар фарзандларининг олий таълимдаги иштироки даражаси пасайишига олиб келади. Оқибатда, билим ва малаканинг нотекис тақсимланиши келгусида даромадлар нотекис тақсимотининг авлоддан-авлодга ўтиб боришига сабаб бўлиши мумкин.

Шунингдек, аҳоли даромадларининг ошиши болаларнинг эрта ёшдан меҳнатга жалб қилиниши ва мактабни тарк этишининг олдини олади.

3. Жамиятда аёллар фаоллигини оширишда асосий урғу фақатгина улар орасида бандликни таъминлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш масалалари билан чекланиб қолмаслиги керак. Аёлларнинг фарзанд тарбияси ва таълим олиши жараёнидаги иштирокини ҳисобга олган ҳолда, уларнинг замонавий ва профессионал билим олиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадга мувофиқ.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 16−29 ёшдагиларнинг 26,4 фоизини меҳнатда, таълимда ёки профессионал тайёрлов курсларида банд бўлмаган ёшлар (NEET) ташкил қилади. Эътиборлиси шундаки, мамлакатда 16−29 ёшдаги аёлларнинг 44 фоизи NEET ёшлар тоифасига киради. Бу шу ёшдаги эркаклар NEET даражасидан тўрт баравар юқори.

4. Таълимнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, жамият фаровонлигида тутган ўрни ва аҳамиятини, етарли таълим даражасига эга бўлмасликнинг потенциал оқибатларини аҳолига чуқурроқ етказиш лозим.

5. Шунингдек, ота-оналар иш ва шахсий ҳаёт мувозанатини сақлаши, ижтимоий масалалар, иш ва бошқа кундалик юмушлардан ҳоли тарзда фарзандларига етарли даражада вақт ажратишлари учун зарур чоралар ва тарғибот ишларини ташкил этиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.