Президент Шавкат Мирзиёев 25 январь куни Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Хитой президенти Си Цзиньпин ташаббуси билан дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирдаги нутқида тўсиқларсиз савдони таъминлаш ҳамда саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришнинг умумий маконини шакллантиришга қаратилган Янги «Хитой — Марказий Осиё» иқтисодий мулоқот стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.

Президент «Хитой — Марказий Осиё» йўналишида узлуксиз юк оқимини таъминлаш ва трансминтақавий логистика тармоқларини ривожлантириш учун тизимли ечимлар ишлаб чиқиш муҳим эканини қайд этди. «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўлини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишни жорий йилдаёқ бошлаш таклиф этилди.

Давлат раҳбари саммит иштирокчилари эътиборини рақамли технологияларни кенг жорий қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигига қаратди. IT-парклар негизида «Интеллектуал Ипак йўли» қўшма платформасини яратиш таклиф қилинди.

Соғлиқни сақлаш ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим йўналишлардан бири сифатида қайд этилди. Вакциналар ишлаб чиқиш, синаш ва ишлаб чиқаришда Хитой билан шерикликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистон мамлакатлар ўртасида одамлар ва товарлар ҳаракатини енгиллаштириш мақсадида вакцинация паспортларининг ўзаро тан олиниши тарафдори эканлиги қайд этилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўлида аграр тармоқни модернизация қилиш, шўрланган ва шўрхок ерларда экинлар етиштириш, шаҳар ва қишлоқ ўртасида ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш масалаларида Хитой билан ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, президент пандемия даврида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига тез ортиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашда яқиндан ҳамкорлик қилиш ва бу борада тезкор қўшма чора-тадбирларни амалга оширишга чақирди. БМТ Бош Ассамблеясининг пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусни биргаликда илгари суриш таклиф этилди.

Шу билан бир қаторда, «Яшил Ипак йўли»ни барпо этиш доирасида иқлим кун тартибини биргаликда илгари суриш зарурлиги таъкидланди.

Муқобил энергетика соҳасида инвестициявий ва технологик ҳамкорликни жадаллаштиришга қаратилган «Экологик тоза ривожланиш»ни таъминлаш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқиш ташаббуси илгари сурилди.

Марказий Осиё ва Хитой халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари 2023 йилни «Марказий Осиё ва Хитой халқлари маданияти ва санъати йили» деб эълон қилишни, унда асосий эътиборни академик ва талабалар алмашинуви дастурларига, ёшлар форумлари ва спорт мусобақаларини ўтказишга қаратишни таклиф қилди.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида минтақавий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш масалаларига ҳам тўхталди. «Хавфсиз Ипак йўли» концепциясини амалга ошириш мақсадларидан келиб чиқиб Афғонистон йўналишидаги қўшма саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳим экани қайд этилди.

Саммит якунида Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасидаги кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим масалаларига доир умумий ёндашувлар акс топган Қўшма баёнот қабул қилинди.