Термиз шаҳри ҳудудида жойлашган масжидлар атрофида «жиҳод» ва «ҳижрат» ғояларини тарғиб қилиб, келгусида Сурия ва Фаластин давлатларидаги қуролли тўқнашувларда иштирок этишни режалаштирган шахсларнинг жиноий фаолиятига чек қўйилди, дея хабар қилди ЎзА. Улар ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси томонидан вилоят Миллий гвардия ва ИИБ билан ҳамкорликда ушланган.

Қайд этилишича, ушбу жиноий гуруҳнинг асосий етакчилари ҳисобланган, Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи Ғ. Б. ва Н. Т. 2021 йилнинг 15 июнь куни қўлга олинган бўлиб, уларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Айни вақтда ушбу шахслар Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан мос равишда ЖКнинг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 1-қисми, 244−1 -моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми «г» банди, 244−2 -моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 2 қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, 15 йил 6 ой муддатга ҳамда ЖКнинг 244−2-моддаси 2-қисми «б» банди билан айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.