Президент 22 январь куни «2022−2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [98-сон] қарорга имзо чекди.

Ҳужжат билан 2022−2024 йилларда Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури қабул қилинди.

Дастур доирасида келгуси 3 йилда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш учун жами 76 трлн 881 млрд сўм (МБнинг 24 январдаги курсига кўра — 7 млрд 89 млн доллар), 2022 йилда — 23 трлн 790 млрд сўм, 2023 йилда — 25 трлн 17 млрд сўм, 2024 йилда — 28 трлн 74 млрд сўм ажратилади. 2023−2024 йиллар учун мақсадли мўлжалларга бюджет параметрларини шакллантиришда аниқлик киритилиши қўшимча қилинган.

2022 йилда маблағлар қуйидаги йўналишларга ажратилади:

  • Ижтимоий соҳалар — 5,9 трлн сўм;
  • Муҳандислик-коммуникация тармоқлари — 1,3 трлн сўм;
  • Йўл-транспорт инфратузилмаси — 2,7 трлн сўм;
  • Ирригация ва мелиорация — 1,5 трлн сўм;
  • Маъмурий-ҳудудий, муҳандислик-инфратузилма, шунингдек алоҳида муҳим ва тоифаланган объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш — 3,9 трлн сўм;
  • Бошқа йўналишлар, шу жумладан, ёпиқ қисм ва мудофаа органларига — 4,5 трлн сўм;
  • Туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув вайўл инфратузилмаларини яхшилаш — 300 млрд сўм;
  • «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларига асосан амалга ошириладиган лойиҳаларга — 3 трлн сўм;
  • Аэропортларнинг аэродром комплексларини қуриш,капитал таъмирлаш ва реконструкция ишларига — 530 млрд сўм.

Келгуси 3 йилга мўлжалланган вазифалар қаторидан қуйидагилар ҳам ўрин олган:

  • 54 230 ўқув ўрни ва 8 358 ётоқ ўрнига эга олий таълим муассасалари;
  • 259 101 ўқув ўрнига эга, 248 та спортзалдан иборат умумтаълим, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар;
  • 88 310 ўринга эга мактабгача таълим ташкилотлари;
  • 24 213 ўринга эга соғлиқни сақлаш муассасалари.

Ҳужжатга мувофиқ, Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича Республика комиссияси тузилди. Комиссияси дастурда иштирок этаётган вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари ва маҳаллий ҳокимликлар фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Дастурлар доирасида режалаштирилган маблағларни ички манбалар ҳисобидан жалб қилинган қарз маблағлари, хорижий кредитлар ва улар бўйича ҳисобланган фоиз тўловларини қоплашга, шунингдек, объектлар қуриш учун кредитлар ажратишга йўналтириш тақиқланади. Бунда, аввал қабул қилинган тегишли қарорлар доирасида кредитлар бўйича асосий қарз ва фоиз тўловлари республика бюджетида давлат қарзига хизмат кўрсатиш учун режалаштирилган маблағлар ҳисобидан қопланади.

Бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобилан идоравий объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларининг манзилли рўйхатлари ҳар йили 1 апрелга қадар Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилади.

Қарорга кўра, 2022 йилдан:

  • икки йил муддатга вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликларнинг маъмурий биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича янгидан бошланадиган лойиҳаларни (Президент қарорларига мувофиқ амалга ошириладиган, шунингдек, янгидан ташкил этиладиган шаҳар ва туманларда жойлашадиган лойиҳалар бундан мустасно) Ўзбекистоннинг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларига киритиш тақиқланади;
  • келгуси йиллар учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини шакллантириш жараёнларида кейинги йилларга ўтадиган лойиҳалар (объектлар) сони босқичма-босқич қисқартирилади ва уларни тегишли молиявий йилда фойдаланишга топшириш назарда тутилади.

2022 йилда якунланадиган таълим муассасалари объектлари — 15 августгача, соғлиқни сақлаш ва тиббий-ижтимоий муассасалар объектлари — 1 октябргача, ирригация ва мелиорация тизимлари объектлари — 1 декабргача фойдаланишга топширилади.