Украинанинг Россия билан чегарадаги ҳолати фонида содир бўлаётган сўнгги воқеалар

АҚШ Давлат департаменти АҚШнинг Киевдаги элчихонаси ходимлари ва уларнинг яқинларига «Россия ҳарбий ҳаракатлари таҳдиди сақланиб қолаётганлиги туфайли» Украинани ихтиёрий равишда тарк этишга рухсат берди. Буюк Британия АҚШдан кейин Киевдаги элчихонаси ходимларини чақириб олишни бошлади, дея хабар берди BBC.

Шунингдек, Автралия ва Германия ҳам ўз дипломатларининг оилаларини Украинадан эвакуация қилишни бошлади — РБК.

Украинага ҳарбий ёрдам

АҚШнинг янги ҳарбий ёрдам пакетининг иккинчи партияси Украинага етиб келди. У 80 тонна қуролдан иборат. Ва бу охиргиси эмас, деди Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари Олексий Резников. Бир кун аввал мамлакатга 90 тонналик қуролларнинг биринчи партияси етказилган эди. Аввалроқ, Қўшма Штатлар мудофаа эҳтиёжлари учун Украинага 200 млн доллар миқдорида қўшимча ёрдам берган эди. 2021 йилда АҚШнинг Украинага ҳарбий ёрдамининг умумий миқдори рекорд даражадаги 650 млн долларни ташкил этди. 2014 йилдан бери Украинага 2,7 млрд доллар миқдорида ёрдам кўрсатилган — - Коммерсантъ.

АҚШнинг Шарқий Европа ва Болтиқбўйига қўшин киритилиш эҳтимоли

АҚШ президенти Жо Байден Болтиқбўйи ва Шарқий Европа мамлакатларига қўшин, ҳаво кучлари ва денгиз флотини жойлаштириш имкониятини кўриб чиқмоқда, дея хабар беради The New York Times. Унга кўра, мингтадан 5 мингтагача аскар юбориш варианти ўрганилмоқда, агар вазият ёмонлашса, бу сонни ўн баробарга (50 мингтагача) ошириш имконияти мавжуд. NYT ёзганидек, Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали амалдорлари шанба куни президентга эҳтимолий вариантларни тақдим этган. Давлат раҳбари шу ҳафта қарор қабул қилиши кутилмоқда. Ҳарбийларнинг бир қисми АҚШдан, бир қисми Европанинг бошқа қисмларидан юборилиши мумкин. Вариантларнинг ҳеч бири Украинага қўшин юборишни назарда тутмайди.

Россиянинг Украинага ҳужум қилиши ҳақида

Ғарб давлатлари Россияни Украинага бостириб кириши оқибатларидан огоҳлантирмоқда. АҚШ президенти Жо Байденинг фикрича, президент Владимир Путин Украина атрофидаги вазиятнинг янада ривожланишига доир якуний қарорга келмаганини айтди. Россия ҳужум режаларини рад этмоқда, бироқ ҳарбий провокацияларни истисно қилмаслигини маълум қилган. Вазиятнинг кескинлашуви Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида хавфсизлик кафолатлари бўйича музокаралар олиб борилаётгани фонида рўй бермоқда — Коммерсантъ.


Янги Зеландия бош вазири COVID-19 чекловлари туфайли ўз тўйини бекор қилди

Янги Зеландия бош вазири Жасинда Ардерн мамлакатдаги янги коронавирус чекловлари ҳақидаги матбуот анжуманида ўзининг тўйи бекор қилинганини эълон қилди, дея хабар берди РИА Новости.

Омикрон штамми туфайли Янги Зеландия 24 январдан хавфсиликнинг «қизил» даражасига ўтмоқда. Туғилган кунлар ва тўйлар каби тадбирларда эмланган 100 дан ортиқ ва меҳмонлар эмланмаган бўлса 25 дан ортиқ кишига рухсат берилмайди, деди Ардерн.

«Бу ҳаёт. Мен минглаб янги зеландияликлардан фарқ қилмайман», деди Янги Зеландия бош вазири матбуот анжуманида.


ЖССТ COVID-19 пандемияси 2022 йилда тугаши мумкинлигини маълум қилди

Агар комплекс чора-тадбирлар кўрилса, COVID-19 пандемияси 2022 йилда тугаши мумкин, деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус душанба куни ЖССТ ижроия кенгашининг 150-сессияси очилишида. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Агар мамлакатлар ушбу стратегия ва воситалардан тўлиқ фойдаланса, биз бу йил пандемиянинг ўткир босқичини тугатишимиз мумкин. Биз COVID-19'ни глобал соғлиқни сақлаш фавқулодда ҳолати сифатида тугатишимиз мумкин, деди у.

COVID-19'ни пандемия сифатида тугатиш учун ҳар бир мамлакат аҳолисининг 70 фоизи эмланиши керак, айниқса хавф остида бўлган гуруҳларга эътибор бериш керак. Шунингдек, самарали клиник даволашни жорий этиш, жумладан, диагностика, кислород ва антивирал воситаларга тиббий ёрдам кўрсатиш нуқтасида тенг фойдаланишни жорий этиш орқали вирусдан ўлимни камайтириш керак. Янги вариантларнинг пайдо бўлишини кузатиш ва баҳолаш учун вирусни яқиндан кузатиб бориш ва керак бўлганда соғлиқни сақлаш ва ижтимоий чоралардан фойдаланиш муҳим, дея қўшимча қилди ташкилот раҳбари.


Буркина-Фасо президенти ҳарбийлар томонидан ҳибсга олингани айтилмоқда

Reuters ва Франциянинг RFI радиостанцияси Буркина-Фасо президенти Рока Каборе мамлакатда исён кўтарган ҳарбийлар томонидан ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Давлат раҳбари ҳарбий шаҳарчада ушланган. Бу шаҳар армиянинг умумий штаб-квартираси ва қамоқхона жойлашган Сангуле-Ламизана лагери бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. Унда 2015 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда қатнашган аскарлар ҳам бор. Роке Каборе ҳибсга олингани ҳақида биринчи бўлиб Reuters хабар берди. Агентлик манбалари мамлакат хавфсизлик хизматидаги икки киши ва Ғарбий Африканинг маълум бир давлатидан бир дипломат бўлган, уларнинг исми айтилмаган.


Брюсселдаги намойишларда 15 киши яраланди

Бельгиянинг Брюссель шаҳрида санитария чораларига қарши намойишларда 70 га яқин одам ҳибсга олинди. 60 га яқин киши маъмурий қамоққа олинган, ўн нафари судда ҳибсга олинган. Камида уч нафар полициячи ва 12 нафар намойишчи жароҳат олди, деб хабар бермоқда Коммерсантъ.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, намойишда 50 мингга яқин одам қатнашган. Полиция сув пуркагичлари ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Намойишчилар бар ва кинотеатрларга ташриф буюриш учун қайта эмлаш талабига қарши чиққани айтилди.


Туркияда кучли қор бўрони сабаб Истанбул аэропортида барча рейслар тўхтатилди

24 январь, душанба куни Истанбул аэропортидаги барча рейслар қорли об-ҳаво шароити туфайли тўхтатилган. Бу ҳақда РИА Новости хабарберди. Ноқулай об-ҳаво Туркиянинг турли минтақаларида кўплаб бахтсиз ҳодисаларга олиб келди. Метеорологлар қор ёғиши кучайиб, бир ҳафта давом этиши ҳақида огоҳлантирди.