21 январь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раисининг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари Алишер Сайфуллаевич Мустафоев лавозимидан озод этилди. У мазкур лавозимда 2019 йилнинг 24 июнидан бери ишлаб келаётганди.

Унинг ўрнига Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси директори Рустам Чўлиевич Шеров жамият раисига ўринбосар бўлди.

«Президент томонидан нефть ва газ соҳасини ислоҳ қилиш, трансформация жараёнларини тезлаштириш бўйича қарорлар қабул қилинган ҳамда ижросини таъминлашда тизим айрим бўғинларида узилишлар бўлаётгани, бунинг учун кадрлар алмашинувини амалга ошириш зарурияти пайдо бўлди», — дейилади хабарда.

Рустам Шеров 1978 йили Қашқадарё вилояти Муборак туманида туғилган. У нефт ва газ соҳасидаги фаолиятини 2002 йилда «Муборакнефтгаз» УКда геологликдан бошлаган.

«Ўзгеобурғунефтгазқазибчиқариш» АЖда турли лавозимларда, «Ўзнефтгазқазибчиқариш» АЖда Бошқаруви раис лавозимида фаолият юритган.

Таъкидланишича, раиснинг қазиб чиқариш бўйича ўринбосари углеводородлар қазиб олишни кўпайтиришга, янги нефть ва газ иншоотларини фойдаланишга топширишни тезлаштиришга, жараёнларни интенсивлаштириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга ва замонавий ривожланиш усулларига йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ташкил этиш ва амалга оширишга масъулдир.