Мактабгача таълим ташкилотлари карантин қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда ўз фаолиятини давом эттиради. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги маълум қилди.

Коронавирус билан касалланганлар сони сўнгги кунларда кескин ортиб борганидан сўнг Ўзбекистондаги барча ОТМ, коллеж ва лицейлар 1 ойга масофавий таълимга ўтказилди. Шунингдек, мактаблар ҳам онлайн форматда иш бошлаши маълум қилинди.

Бироқ, улардан фарқли равишда боғчалар ўз фаолиятини ўзгаришсиз давом эттирадиган бўлди. Вазирликнинг маълум қилишича, бу вақтда мактабгача таълим ташкилотларининг иш фаолиятига қўйиладиган вақтинчалик санитария-гигиеник талабларга қатъий риоя этилади.

COVID-19 аломатлари аниқланган МТТлар гуруҳлари СанЭпидхизмат (СЭС) хулосасига кўра вақтинчалик карантинга ёпилади. Касаллик аломатлари бартараф этилганидан сўнг, МТТ ёки гуруҳлар ўз фаолиятини яна давом эттириши мумкин бўлади.

Хусусан, давлат МТТларида байрам тадбирлари ўтказилиши вақтинчалик чекланади.

Ота-оналар ва ташқаридан меҳмонлар киришига йўл қўйилмайди. Зарур вазиятларда уларда сўнгги уч кунлик ПЗР тести ва эмланганлиги ҳақида сертификати бўлиши лозим.

Шунингдек, йиғилишлар ўтказилиши чекланади, зарур ҳолларда йиғилишларни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш чоралари кўрилади.

Чекловлар бузилишига йўл қўйганларга ҳайфсан, жарима ва бошқа жавобгарлик чоралари қўлланади.