Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев йирик бизнес вакиллари билан учрашди, деб хабар берди Акорда матбуот хизмати.

«Эълон қилинаётган ижтимоий-иқтисодий кун тартиби ва ишларнинг ҳақиқий ҳолати ўртасидаги номутаносиблик кескин тус олди. Айнан шунинг учун зудлик билан иқтисодий сиёсатни «қайта юклаш» бўйича биргаликдаги ишимизга киришишимиз керак. Биз янги «ўйин қоидалари»ни белгилаб олиш керак. Янада ҳалол, ошкора ва адолатли», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбарининг фикрича, чекланган элита гуруҳлари таъсирининг кучайиши ва аксарият аҳоли даромадларининг камайиши хавфсизликка жиддий таҳдидга айланди, бу эса жамиятда иқтисодий, ижтимоий, кейин эса сиёсий бўлинишга олиб келиши мумкин.

«Миллий даромадни тақсимлашда яққол номутаносиблик ва очиқ-ойдин адолат муаммоси мавжуд. Халқаро экспертлар (хусусан, KPMG) Қозоғистон бойлигининг ярмига бор-йўғи 162 киши эгалик қилишини таъкидламоқда. Ярим аҳолининг ойлик даромади 50 минг тенгедан ошмаётган бир вақтда! Бу йилига 1300 доллардан сал кўпроқ. Бундай пулга деярли яшаб бўлмайди. Айтганимдек, бундай табақаланиш ва тенгсизлик хавфли. Вазиятни зудлик билан ўзгартириш керак», — деди президент.

«Бойлар ва камбағаллар ўртасидаги тафовут йўл қўйиб бўлмайдиган даражага етди… Даромаднинг бундай табақаланиши террорчилар ва уларнинг ортида турган фитначилар томонидан ёқилган гугурт ва порох бочкаси ролини ўйнади», — дея Қасим-Жомарт Тоқаев нутқидан иқтибос келтиради Tengrinews.kz.

«Ташқи фаровонлик ортида биз хом ашё неъматининг аста-секин хом ашё лаънатига айланганини сезмадик. Биз трансформацияларда камроқ мослашувчан бўлиб қолдик. Сифатли қайта ўзгаришлар бундай ўзгаришларга қарши бўлган турли гуруҳларнинг манфаатларига зид келди. Натижада диверсификацияланган иқтисодиётни қура олмадик. Буни тан олиш керак», — деди у.

«Одамлар: нега барча турдаги бизнеслар бир хил қўлларга ўтиб кетди, — деб сўрашмоқда. Бошқалардан нимамиз кам? Гегелни Бабел билан адаштириб юборадиган, махсус маълумотга эга бўлмаган одамлар бор, лекин улар жуда катта бизнесга эга. Шу вақтнинг ўзида маълумотли, махсус курсларни тамомлаган инсонлар бизнес манбаларига, кредит ресурсларига етиб бора олмайдилар. Бизнес ёнидан сузиб ўтмоқда, бу тушкунликка, адолатга ишончсизликка олиб келади, бунинг натижасида барча ижтимоий-иқтисодий оқибатлар пайдо бўлади», — дея таъкидлади президент.

Қасим-Жомарт Тоқаев ишбилармон доираларни сабоқ олишга ва Янги Қозоғистоннинг асосига айланиши керак бўлган янги иқтисодий сиёсатни барпо этиш бўйича ҳамкорликни бошлашга чақирди. Тақдимотда қуйидаги асосий тамойиллар белгилаб берилди

  • ҳалол рақобат;
  • қабул қилинган қарорларнинг шаффофлиги;
  • давлат сиёсатининг олдиндан айта олиниши;
  • бизнеснинг солиқ ҳалоллиги;
  • тадбиркорларнинг ижтимоий масъулияти.

Давлат раҳбари тадбиркорларни ватанпарварлик ва ижтимоий масъулиятни намоён этишга ва иқтисодиётни ўзгартириш учун капитал, тажриба, бошқарув жамоалари ва бозорни аниқ тасаввур қилиш каби ресурсларни иқтисодиётни қайта шакллантиришга йўналтиришга чақирди.

«Яна бир бор таъкидлашни истайман — сўз бораётган ислоҳот ислоҳот „тортиб олиш ва қайта тақсимлаш“ мақсадини кўзламайди, — деди президент. Бу аҳмоқлик, масъулиятсизлик бўларди. Вазифа сиз, миллий буржуазияни мамлакат ижтимоий-иқтисодий моделини ўзгартиришда энг фаол иштирок этишга жалб қилишдан иборат. Ишлаб чиқаришга йўналтирилган инвестицияларга, сифатли иш ўринларини яратиш ва экспорт салоҳиятини оширишга жавоб тарқасида давлат хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини оширишга, давлат томонидан тартибга солишнинг барқарорлиги ва прогнозлилигини таъминлашга, рақобатни маъмурий ресурслар, коррупция ва фавортизм аралашувидан ҳимоя қилишга тайёр».

Қасим-Жомарт Токаев мамлакатнинг янги иқтисодий йўналишининг асосини ташкил этиши лозим бўлган асосий тамойилларга батафсил тўхталиб ўтди.

Биринчиси, унинг фикрича, хусусий мулк дахлсизлиги. Бу масалада шаффоф ва адолатли суд кафил бўлиши керак.

«Энг муҳим масала — суд-ҳуқуқ тизимини янгилаш. Биз аллақачон чоралар кўрдик, жумладан, қонунчилик характеридаги. Судларга янги кадрлар — ҳуқуқнинг турли соҳаларидаги мутахассислар, жумладан, корпоратив сектордан ҳам чақирилмоқда… Ўйлайманки, кучли корпоратив юрист ва адвокатларнинг судялик касбига, жумладан, ҳудудларга кириб келиши инвестор ва ишбилармонлар манфаатларини ҳимоя қилиш сифатини сезиларли даражада оширади», — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Янги иқтисодий йўналишнинг иккинчи компоненти — инвестиция муҳити. Президент давлат барча инвестиция мажбуриятларини сўзсиз бажаришини яна бир бор таъкидлади. Шу билан бирга, у тадбиркорларга ўз давлатига сармоя киритишга чақирди.

«Келажагингизни Қозоғистон билан боғласангиз, ўз маблағларингизни мамлакатимизга қайта инвестиция қилишингиз керак. Бу сизнинг Қозоғистон олдидаги ижтимоий ва сиёсий масъулиятингиздир. „Бу ерда ишлаб топамиз, ўша ерда сарфлаймиз“ тамойилининг амалда мавжуд бўлишга ҳаққи йўқ, — деди президент. — Шунинг учун икки йўналишда — капиталнинг мамлакатга қайтишини рағбатлантириш, шунингдек, молиянинг оффшорларга чиқиб кетишига тўсиқлар ўрнатиш бўйича ишлар олиб борилади».

Президент нутқида қайд этилган учинчи тамойил — ҳалол рақобатдир.

«Бу ерда, биринчи навбатда, сунъий равишда яратилган монополияларни таҳлил қилиш керак. Операторлар, айниқса хусусийлар, ўтмишда қолиши керак. Агар эсласанги, ўтмишда „откупщик“ деган атама бўлган. Хусусий компания маълум бир ҳақ эвазига давлатнинг қатор иқтисодий функцияларини бажаришни сотиб олди. Бу яхшиликка олиб келмади. Ҳукуматга бундай фаолият қонун билан тақиқланишини таъминлашни топшираман. Барча бўшлиқлар рақобатга очиқ бўлиши керак. Бозорлардаги сунъий яратилган кўплаб воситачи занжирлар йўқ қилиниши керак. Ҳеч ким ҳал қилишни хоҳламайдиган эски муаммо. Иқтисодиётни олигополиядан чиқариш учун қатъий сиёсат олиб бориш керак», — деди давлат раҳбари.

Бундан ташқари, маърузада йирик корхоналарнинг солиқ ва ҳисоботларини тартибга солиш зарурлиги ҳақида сўз борди.

«Йирик компанияларнинг солиқ тўлаши — „қайғули қўшиқ“. Қўлимизда ихтисослашган органларнинг маълумотлари мавжуд. Улар даромад келтирувчи гигантлар турли баҳоналар билан солиқларни тўлиқ тўлашдан бўйин товлаётганига гувоҳлик беради. Бош вазирга ушбу муаммонинг охирига етишни ва ғазнани тегишли маблағлар билан таъминлашни топшираман», — дея талаб қилди президент.

Самарали солиқ сиёсати ҳақида гапирар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев 2020 йил якунига кўра давлат бюджети даромадлари 34,6 млрд долларни ёки ЯИМнинг 20 фоизини ташкил этганини таъкидлади.

«Бу энг муҳим давлат вазифаларини ҳал қилиш учун етарли эмаслиги аниқ. ИҲТТ (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти — таҳр.) мамлакатларида давлат бюджети даромадлари ЯИМнинг 40−50 фоизини ташкил қилади. Ҳатто энг яқин қўшниларимиз орасида ҳам бу нисбат анча юқори: Украина — ЯИМнинг 40 фоизи, Россия — 35,4 фоизи, Қирғизистон — 31 фоизи. Ва ҳоказо. 10 йил давомида мамлакат ЯИМ таркибида солиқларнинг улуши 9,9 фоиздан 7,3 фоизгача камайди. Шу фонда Миллий жамғармадан трансфертлар кескин ўсди, 2019 йилдан 2021 йилгача — 12 трлн тенге, яъни қарийб 30 лрд доллар», — деди давлат раҳбари.

Бу каби вазият, президентнинг фикрича, мураккаб қарорлар қабул қилишни тақозо этади.

«Бизга янги солиқ сиёсати керак. Тузоқларсиз ва соҳавий фаворитизмсиз, шаффоф ва бизнес учун ҳам, ҳукумат учун ҳам тушунарли сиёсат», — деди Қозоғистон президенти.

Қасим-Жомарт Тоқаев давлат харидларини ислоҳ қилиш мавзусига ҳам тўхталди.

«Рақобатсиз усуллар билан харидлар улуши ҳамон юқори. „Самрук-Казина“ жамғармаси компанияларининг харидларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Саҳна орқаси, шаффофлик, оширилган нархлар — бу фактларни зудлик билан ҳал қилиш керак. Бир ой бераман. Ечим бўлмайди, қаттиқ чоралар кўрилади. Умид қиламанки, барчангиз мен учун „Платон менинг дўстим, лекин ҳақиқат қийматлироқ“ формуласи муҳим аҳамитяга эга эканлигини кўрдингиз», — деди президент.

Давлат раҳбари томонидан қўйилган олтинчи вазифа — давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш.

«Биз квазидавлат секторини ислоҳ қилиш бўйича туб чора-тадбирларни қабул қилишимиз керак. Бугунги кунда бу 6500 га яқин ташкилот. Тадбиркорлик фаолиятида давлат иштирокининг асослари ва шартларини қисқартириш нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш керак», — деб топшириқ берди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Янги иқтисодий йўналишнинг еттинчи элементи маъмурий тўсиқларни камайтириш бўлиши керак.

«Ўтган йили прокуратура органлари томонидан тадбиркорларнинг жиноий таъқиб органлари мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозилик тўғрисидаги 2,5 мингдан ортиқ мурожаатлари кўриб чиқилди. 1000 дан ортиқ мурожаатлар ҳал қилинди. Тадбиркорлар полиция (энг кўп), иқтисодий тергов хизмати, коррупцияга қарши кураш хизмати ва миллий хавфсизликдан шикоят қилди», — деди давлат раҳбари.

Бош прокуратурага бундай ҳуқуқбузарликларга олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, айбдор шахсларнинг ҳаракатларига принциал баҳо бериш топширилди.

Хулоса қилар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев давлат идоралари ва бизнес ўртасидаги мулоқот ҳукумат ва бизнес ўртасида консенсусни таъминлаши кераклигини таъкидлади.

«Биз „эшитадиган давлат“ қурмоқдамиз ва учрашувимиз, бу — бизнеснинг эшитилиши ҳамда барча конструктив таклифлар соҳавий ва таркибий сиёсатда ҳисобга олинишидан далолатдир», — деди президент.

«Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишидан катта бизнес, бизнинг буржуазиямиз манфаатдор эканлигига мутлақо аминман. Чунки мамлакатимиз ишбилармон элитасининг йўқотадиган нарсаси бор», — дея хулоса ясади давлат раҳбари.