Тошкентда диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб, Сурияга кетишни режалаштирган икки нафар мактаб ўқувчиси ва бир нафар талаба аниқланди.

Zamon информацион дастури репортажида қайд этилишича, 2001 йилда туғилган Оксфорд университетининг Тошкентдаги филиали талабаси ва 2003 йилда туғилган Намангандаги мактаблардан бирининг икки ўқувчиси Telegram`да канал очиб, одамларни жиҳод қилишга ва Сурияда қийналиб яшаётганларга ёрдам беришга ундаган.

Уларнинг ҳар бири очган каналида 300 га яқин обуначини тўплаган. Шунингдек, яқин вақтгача улар Суриядаги террористик ташкилот сафига қўшилиш ва жиҳод қилиш истагида бўлганлиги айтилмоқда.

Бунинг учун интернетда топган жиҳод амалларини бажараётган танишидан Сурияга бориш тартиби ва йўл-йўриқларини ўрганишган. Бунда ёшларнинг ёнидан Ўзбекистон орқали Туркияга, у ердан Сурияга бориш тартиби, чипта нархлари сўралган ёзишмалари топилган.

«Ëшлигим, илмсизлигим оқибатида шу нарсани тўғри деб ўйлаганман. Ғаразли мақсаддаги одамларнинг гапига алданиб қолдим… Асосан интернетдан олар эдим, китоблар бўлмасди. MP3 маърузаларни YouTube ва Telegram`дан қидириб топиб, эшитардим. Шу нарса тўғри деб ўйлаганман», — деди ўсмирлардан бири.

Интервьюда айбланувчилардан бири экстремистлар шахсий каналлари орқали тарғибот ишларини олиб борганини таъкидлади. «Уларни шахсий каналлари бор, каналлари орқали ўзларини ишлари, профилларини провакация, реклама қилиб чиқишади. Шу ердан топдим… Қўлга олинган пайтимдаги тушунтиришлардан сўнг, қилган ишларим қанчалик хавфли эканлигини тушуниб етдим», — дея сўзлаб берди у.

«Улар аёлларга ёрдам қилиш, уларни қутқариш кераклигини айтарди. Бу ёрдам қандайлигини билмас эдим. У ҳақида ҳали гапиришмаган эди… Террорист кимлигини тўлиқ тушуниб, англаб етмаган эдим», — деди судланувчилардин бири.

Суд ҳукмига кўра, йигтлардан бири 5 йил-у 6 ойга, қолган икки нафари эса 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда 12 нафар аёл «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини ўрганишда гумон қилинган эди. Бундан ташқари, сентябрь ойида ҳам Тошкентда мазкур террористик ташкилотга аъзолиги гумон қилинган 12 киши ушланганди.