2024−2025 ўқув йилидан бошлаб ОТМларга кириш имтиҳонлари учун белгиланган мажбурий фанлар мажмуасига чет тили фани босқичма-босқич киритилади. Бу ҳақда тегишли ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022/2023 ўқув йилидан хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган бир қатор ОТМларга кириш имтиҳонларида чет тилларидан ижодий имтиҳонлар бўлиб ўтади.

ДТМ томонидан амалга ошириладиган ушбу касбий имтиҳонлар чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилади.

Фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган қуйидаги ОТМларнинг бакалавриат таълим йўналишларида чет тилидан ижодий имтиҳонлар ўтказилади:

  • Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети;
  • Самарқанд давлат чет тиллар институти;
  • Тошкент давлат шарқшунослик университети.

Бундан ташқари, қуйидаги ОТМларнинг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишлари учун ҳам ижодий имтиҳонлар жорий қилинади:

  • Тошкент давлат педагогика университети;
  • Қўқон давлат педагогика институти;
  • Нукус давлат педагогика институти.

Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат (Миллий сертификат) ёки халқаро тан олинган сертификатнинг тегишли даражаларига эга бўлган абитуриентларга ўқишга кириш синовларида берилган имтиёзлар сақлаб қолинади.

Бундан ташқари, 1 февралдан таълим тили рус тили бўлмаган умумтаълим муассасаларда (синфлар) ишлаётган С1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга рус тили фани ўқитувчиларига сертификат олинган кундан бошлаб 2 йил давомида устама тўланади. Бунда устама ўқитувчиларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида бўлади.

Бунда рус тили бўйича Test of Russian as a Foreign Language (TORFL) халқаро сертификатининг C1 даражаси, «Тест по русскому языку как иностранному» (ТРКИ) халқаро сертификатининг ТРКИ 3 даражаси, «Тест по русскому языку как иностранному» халқаро сертификатининг С1 даражаси ҳамда Common European Framework of Reference (CEFR) методикаси бўйича С1 даражадаги сертификатлар ўзаро мувофиқ ҳисобланади.

Қарор билан хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасига бир марталик 15 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилади.

2022 йил 1 мартдан чет тили фани ўқитувчиларининг тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини ривожлантиришга ҳамда сертификатга эга бўлишга йўналтирилган ўқув курслари ташкил этилади.

2022/2023 ўқув йилидан мактаблар учун замонавий тил ўргатиш методикалари асосида ишлаб чиқилган чет тили дарсликлари чоп этилади.

2022 йил 1 сентябрдан мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал, шунингдек, мактабдан ташқари таълим ташкилотлари чет тили фани ўқитувчиларининг аттестацияси жараёни ўқув фани бўйича малака синовлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Жорий йил 1 февралдан 2024 йил 1 январгача испекциянинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида фаолият юритадиган нодавлат таълим ташкилотлари:

  • бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларининг 50 фоизигача қисмини қоплаб бериш тартиби жорий этилади;
  • вазирлик ва идоралар тизимидаги коллеж ва техникумларда фаолиятини амалга оширганида ижара тўловидан озод этилади (сақлаш ва коммунал тўловлар бўйича харажатлар бундан мустасно).