Chevrolet 2021 йилда Қозоғистон автомобиль бозорида энг кўп сотилган брендга айланди, деб ёзади Spot.uz Forbes.kz`га таяниб.

Chevrolet машиналарининг Қозоғистондаги сотуви ўтган йил март ойидан бошлаб кескин ўсганди. 2021 йилда бренд машиналари сотуви ушбу мамлакатда 190 фоизга ошган.

Сўнгги бир йил ичида қозоғистонликлар 117 590 минг дона янги автомобиль сотиб олишган. Улардан чорак қисми — 29 112 донаси Chevrolet машиналари. Сотувлар бўйича иккинчи ўринни Hyundai, учинчи ўринни Toyota эгаллади.

2021 йилда Қозоғистонда Cobalt энг кўп сотилган бўлиб, йил давомида 14605 та ушбу моделдаги автомобиль сотилган. Бу Қозоғистонда сотиб олинган ҳар саккизинчи янги автомобиль ҳисобланади. Шунингдек, қозоғистонликлар ўтган йилда 10809 дона Nexia, 9063 та Hyundai Accent сотиб олган.

2021 йилнинг дастлабки 9 ойида UzAuto Motors экспортнинг 96 фоизи Қозоғистонга тўғри келди. Кузатувчилар 2020−2021 йилларда қозоғистонликлар орасида янги автомобилларга талаб ошганлигини, шу сабабли автомобиллар етишмовчилиги бошланганини таъкидлашган.

Шу боис «Ўзавтосаноат» Қозоғистон билан ҳамкорликни кенгайтира бошлади. 2019 йилдан буён фаолият юритиб келаётган «СарыаркаАвтоПром» даги ишлаб чиқариш линиясига қўшимча равишда «Аллюр» компаниялар гуруҳи объектларида Nexia йиғишни ташкил этиш режалаштирилган.

Қозоғистонда йиғилган Chevrolet автомобиллари маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар экспорт рейтингида ҳам биринчи ўринни эгаллади. Хорижга (асосан Россия ва Ўзбекистон) етказиб берилган 12,1 минг дона автомобилнинг 4988 таси шу маркага тўғри келади.

Аввалроқ Шимолий Қозоғистон вилояти полиция хизмати 86 та янги Cobalt автомашинасини харид қилгани тўғрисида ёзган эдик.