Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 январь куни Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мамлакатлар етакчилари икки томонлама кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий муносабатлар жадал ривожланиб бораётгани, товар айирбошлаш ортаётгани ва кооперация алоқалари кучайиб бораётгани, ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан савдо ва логистика, машинасозлик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё ва фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат соҳалари ва бошқа устувор йўналишларда қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлат раҳбари Қозоғистон президенти томонидан мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.

Телефон орқали мулоқот ҳар доимгидек, очиқ, амалий ва дўстона руҳда ўтди.