«Заковат» интеллектуал ўйини ғолиб ва совриндорлари ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинади

Президент қарори билан «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолиб ва совриндор бўлган ўқувчилар ҳамда ОТМ талабалари таълимнинг кейинги босқичига тўлов-контракт асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилинади. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон боғи»га туташ ҳудудда «Заковат интеллектуал ўйинлари клуби» учун алоҳида бино ҳамда «Интеллектуал ўйинлар шаҳарчаси» барпо этилади. Қолаверса, «Заковат» стипендияси жорий этилади.

Сирдарё ва Хоразм вилоятлари ҳокимларига ҳайфсан берилди

Президент раислигида ўтаётган видеоселекторда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановга хусусийлаштириш ишларини суст ташкил этгани учун ҳайфсан берилди. Қолаверса, Давлат активларини бошқариш агентлигининг Сирдарё, Хоразм ва Бухоро вилоятлари бошқарма бошлиқлари ишдан олинди.

Ўзбекистондаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди

Президент қарорига асосан мактаблардаги ёшлар етакчилари штат бирликлари қисқартирилиб, унинг ўрнига республикадаги ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Уларга маҳалладаги хонадонлар сонига қараб, 4 млн сўмдан 5 млн сўмгача маош тўланади. Ҳар чоракда энг илғор 100 нафар етакчи эса бир ойлик маошга тенг пул мукофоти ҳамда «Янги Ўзбекистон ислоҳотчиси» кўкрак нишони билан тақдирланади.

2021 йилда 2804 нафар мансабдор жиноий жавобгарликка тортилган

Бош прокуратура 2021 йилда 2804 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилганини, уларнинг жинояти оқибатида эса давлатга 913,7 млрд сўмлик моддий зарар етганини маълум қилди. Мансабдорларнинг 1741 нафари растрата, 269 нафари фирибгарлик, 153 нафари пора олиш, 12 нафари пора бериш, 41 нафари мансаб сохтакорлиги каби жиноятни содир этган.

3 ярим ойда вакцина олмагани учун жами 41 мингдан ортиқ ходим ишдан четлатилган

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати 2021 йилнинг 1 октябридан бери республика бўйича 56 мингдан кўпроқ бюджет ва хўжалик юритувчи ташкилотларда текширувлар ўтказган. Бунинг натижасида коронавирусга қарши эмланмаган 41 179 нафар ишчи-ходимлар вақтинча ишдан четлатилган, 4 139 та ҳолатда эса иш берувчи жаримага тортилган.

Чоршанба куни 1307 кишида коронавирус аниқланди

Кетма-кет иккинчи кун антирекорд янгиланди, чоршанба куни яна 1307 кишининг коронавирусга топширган ПЗР-тести мусбат натижани қайд этди. Яна 4 нафар бемор вирус асоратлари оқибатида вафот этди.

«Ëвузликни кўрсатмай яшайдиган замонда эмасмиз». «Sevimli» TV раҳбари — «Сабрия» сериали ҳақида

«Sevimli» телеканалида эфирга узатилган «Сабрия» сериалидаги беҳаё эпизодларга нисбатан билдирилган танқидлардан сўнг, телеканал раҳбари Амира Рашидова муносабат билдирди. «Ëвузликни кўрсатмай, ёмон одамларнинг борлигини беркитиб яшайдиган замонда эмасмиз», — деди у. Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов эса сериал «ҳақиқатдан ҳам бадиий ва мазмунан саёз» эканлигини тан олди.

5 ёшдан катта бўлган болаларни коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган болаларни ҳам коронавирусга қарши эмлашга рухсат берилганини маълум қилди. Таъкидланишича, бу бўйича алоҳида кўрсатма тайёрланган ва болалар 0,1 мл доза «Pfizer» вакцинаси билан эмланади.

МБ асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб қолди

Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди. МБда ўтган йили инфляцияни юзага келтирган асосий омиллар озиқ-овқат ва энергия-ёқилғи маҳсулотлари нархларининг сезиларли даражада ўсиши эканлиги таъкидланди. «Инфляцион жараёнлар йил сўнгида ноаниқликлар ва пандемик хатарлар фонида нархларга узоқроқ муддат давомида босим яратиши мумкин», — дейилади регулятор хабарида.

Бунёд Абдуллаев Экология қўмитаси матбуот хизмати раҳбарлигига қайтди

Бунёд Абдуллаев орадан қарийб 1 йил ўтиб, Экология давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимига қайта тайинланди. У 2021 йилнинг февралида ишдан бўшатилганди.

Бир йил ичида 518 нафар ўзбекистонликнинг жасади хориждан олиб келинди

Ўтган йили Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида хорижда вафот этган 518 нафар фуқаронинг жасади Ўзбекистонга олиб келинган. Шунингдек, агентлик оғир аҳволга тушиб қолган 321 нафар фуқаронинг ватанга қайтишига ҳам ёрдам берган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот чоғида амалий ҳамкорликни кенгайтириш қолаверса, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Энди йўқолган ашёлар бўйича хизматларни Давлат хизматлари марказлари кўрсатади

Ҳукумат қарори билан ИИВ тизимидаги «Топилмалар столи» фаолияти тугатилади, унинг ўрнига топилмаларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш бўйича хизматлар ДХМ томонидан кўрсатилади. Топилмалар 6 ойгача сақланади, агар бу вақт ичида эгаси аниқланмаса, ашё давлат мулкига ўтади ва аукционда сотиб юборилади.

«Вақф» фонди 2021 йилда қарийб 70 млрд сўмни хайрия қилди

«Вақф» хайрия жамоат фонди ўтган йили хайрия, закот, диний ташкилотлар, акциялар, ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлардан келиб тушган 69 млрд сўмдан ортиқ маблағни хайрияга йўналтирди. Шундан 36 млрд сўмдан кўпроғи масжидлар ва зиёратгоҳ ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга, қарийб 7 млрд сўми ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга ёрдам беришга, яна 10 млрд сўми пандемия даврида диний соҳа вакилларини моддий қўллаб-қувватлашга сарфланган.

2021 йилда «Ўзбекнефтгаз» тизимида 717 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

«Ўзбекнефтгаз» жамияти тизимида 2021 йилда ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 717,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан 91,9 млрд сўм камомад ва ўзлаштиришлар, 57,8 млрд сўм жамиятга зарар, 219,9 млрд сўм бошқа хато ва камчиликларни ташкил қилди.

Абатбай Данияров Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисига ўринбосар бўлди

Ёшлар ишлари агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Абатбай Данияров Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

«Бу — ўлимнинг бошланиши». Маҳаллий ишлаб чиқарувчи — гўшт импортига ҚҚС ва божнинг бекор қилиниши ҳақида

Ҳукумат бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт импорти ва сотувида ҚҚСнинг нол ставкасини 30 апрелгача узайтиришни режалаштирмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар Jizzax Organic ва Promeat чорвачилик ва гўшт етиштириш соҳасида аҳволнинг қандай кечаётгани, ҚҚСдан озод қилиш қандай оқибатлар ва хавф-хатарларга олиб келиши, гўшт нархи ошишининг олдини олиш учун қандай муқобил ечим таклиф қилишлари ҳақида сўзлади.