Бош прокуратура 2020−2021 йилларда мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар сони, давлатга келтирилган зарар ва жиноят турлари тўғрисидаги инфографикани эълон қилди.

Унга кўра, 2021 йил давомида республика бўйича жами 2345 та жиноят иши бўйича 2804 нафар мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 16 нафари республика (2020 йилда 9 нафар), 241 нафари вилоят (2020 йилда 45 нафар) ва 2547 нафари (2020 йилда 1669) туман (шаҳар) миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.

Инфографика: Бош прокуратура

Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 1741 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш (2020 йилда — 660 нафар), 269 нафари фирибгарлик (2020 йилда -167 нафар), 153 нафари пора олиш, 168 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (2020 йилда — 47 нафар), 42 нафари мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш (2020 йилда — 25 нафар), 41 нафари мансаб сохтакорлиги (2020 йилда — 11 нафар), 12 нафари пора бериш ва 353 нафари бошқа жиноятларни (2020 йилда — 280 нафар) содир этган.

Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида 2021 йилда давлат ва жамият манфаатларига 913,7 млрд сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 714,8 млрд сўми 78,2% ундирилган. 2020 йилда етказилган зарар миқдори 500 млрд 102 млнн сўмни ташкил этиб, шундан 355 млрд 754 млн сўм ундирилган (71%).


Инфографика: Бош прокуратура