Бунёд Абдуллаев Ўзбекистон экология ва атроф — муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати раҳбари лавозимига тайинланди, деб хабар берди Ecologuz Telegram-канали.

Мазкур хабарни «Газета.uz»га Экоқўмита матбуот хизмати тасдиқлади. Ҳозирга қадар қўмита раиси матбуот котиби лавозими фаолият юритган Озод Ражабов ишдан бўшаганлигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг февралида Экоқўмита матбуот котиби Бунёд Абдуллаев босим ўтказилганини айтиб, ишдан бўшатилганлигини маълум қилганди.

Хронология

10 февраль куни Бунёд Абдуллаев бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислигидаги йиғилишда қўмитанинг 6 нафар раҳбар ходими ишдан олиниши ва улар орасида ўзи ҳам айтилгани ҳақида маълум қилганди. Абдуллаев бу қарор у учун кутилмаган бўлганлигини, бундан олдин Президент администрацияси вакиллари билан йиғилишда қўмита матбуот хизмати фаолиятига ижобий баҳо берилганини таъкидлаган эди.

Унинг айтишича, бош вазир ўринбосари билан йиғилишда сўз беришларини сўраб, қўлини кўтарган, лекин ҳеч ким унга эътибор бермаган. У йиғилиши тугамасидан олдин чиқиб кетган.

Экология қўмитаси матбуот котиби ишдан ҳайдалишига Очилбой Раматов «штаби»дан берилган топшириқни бажаришдан бош тортганлиги сабаб бўлганлигини таъкидлаган эди. Унга бош вазирнинг биринчи ўринбосарининг имижини тарғиб қилиш мақсадида ОАВда тарқатиш учун ҳар жума куни тасдиқланган мавзу бўйича маълумот тақдим этиш сўралган. Бунёд Абдуллаев топшириқ ёзма равишда берилсагина бажаришини айтган, лекин унга ёзма топшириқ берилмаган.

Шундан сўнг, қўмита «Газета.uz» томонидан 10 февраль куни эълон қилинган мақолада келтирилган «важлар ҳақиқатга мос келмаслигини» айтганди.

«Бунёд Абдуллаевнинг унга юқори идоралар вакиллари томонидан босим ўтказилгани хусусидаги даъволари ҳужжатли асосга эга эмас», — дейилганди қўмита муносабатида.

«Б. Абдуллаевнинг „Газета.uz“ сайтига берган ёлғон маълумотлари Давлат экология қўмитаси жамоасини ҳайратга солмоқда. Унинг „йиғилишда сўз сўрагани“, „касбдошлари гаплашмай қўйгани“ каби важлари, олдинги йиғилишда мақталгани ҳам нотўғридир. Ўша мулоқотда „мабуот хизмати бонг урмаётгани“ танқид қилинган аслида», — дейилганди хабарда.

Бундан ташқари, муносабатда Бунёд Абдуллаевнинг ҳайъат йиғилишидан чиқиб кетганлиги қонун бузилиши ҳисобланиши таъкидланган. Қўмита бунга Меҳнат кодексининг 100-моддаси 4-бандида ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишлар рўйхатида ички меҳнат тартиби қоидалари алоҳида кўрсатилганлигини асос қилган.

Давлат экология қўмитасининг таъкидлашича, қўмита ходимининг хулқ-атворини ва касбий фаолиятини баҳолашда 2018 йил 15 июнь куни тасдиқланган Одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя этилишини маълум қилган. «Бунёд Абдуллаев эса ҳукумат вакиллари иштирокида расмий тадбирда ўзбошимчалик билан иш тутганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди», — дейилган муносабатда.

Ўшанда қўмита қоидаларнинг айнан қайси бандига асосан ходим йиғилишдан чиқиб кетиши тақиқлангани ҳақида маълумот бермаганди. Қўмита Бунёд Абдуллаевнинг ўз хоҳиши билан меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб, ариза ёзиб кетганлигини қайд этганди.