Тошкент шаҳрида ишчи-ходимларнинг коронавирусга қарши эмланиши бўйича 17 январь куни 305 та тадбиркорлик субъекти ва 203 та бюджет ташкилотида текширувлар ўтказилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Натижада ишчи гуруҳлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг 359 нафар, бюджет ташкилотларининг 885 нафар ходими вакцина олмагани аниқланган.

Эмланмаган 1044 нафар ходим вақтинчалик ишдан четлатилган, 200 нафарига жарималар қўлланилган. Шунингдек, 1 та объектнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилган.

Бундан ташқари, Миллий гвардия томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган:

  • 65 та бозор,
  • 31 та истироҳат боғи ва хиёбонлар,
  • 46 та оммавий тадбирлар ўтказиладиган объектлар,
  • 22 та стадион ва спорт мажмуалари,
  • 6 та йирик савдо маркази,
  • 131 та жоме масжидида фуқароларга карантин қоидаларига риоя қилиш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказилган.

Таъкидланишича, сўнгги кунларда пойтахтда коронавирусга чалиниш ҳолати кескин ортиб, беморлар сони 5600 нафарга етган.

Бугунги кунда беморларнинг 3297 нафари стационар, 2216 нафари амбулатор шароитда даволанмоқда.

Стационар шароитда даволанаётганларнинг 2935 нафарининг аҳволи қониқарли, 229 нафари оғир, 133 нафари ўта оғир аҳволда экани айтилмоқда.

Таъкидланишича, эпидемиологик вазият барқарорлигини таъминлаш ва ахборотларни мувофиқлаштириш мақсадида Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва туманларда ҳудудий штаблар ташкил этилган.

Уйда даволанаётган беморлар ва карантинга олинган шахсларга тиббий маслаҳат ва ахборот бериш учун онлайн поликлиника фаолияти йўлга қўйилди. Туманларда 157 та мобиль гуруҳлар фаолияти қайта тикланган.