Қорақалпоғистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг тавсиясига асосан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашининг 2022 йил 13 январдаги «Республикада қирғовулларни муҳофаза қилиш ва сонини кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга асосан, ҳудудда 2022−2023 йилларда қирғовулларни овлаш тақиқланди, деб хабар берди ЎзА.

Ушбу қарорга асосан Экоқўмитага ИИВ билан биргаликда қирғовулларнинг ноқонуний овланишининг олдини олиш бўйича ишларни фаоллаштириш, қирғовулларнинг ноқонуний овланишига йўл қўйган шахсларга нисбатан амалдаги қоидаларга мувофиқ ва белгиланган тартибда тегишли чоралар кўриш топширилди.

Қорақалпоғистон Экоқўмитаси Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар масалалари бўлими бош мутахассиси Алишер Якубовнинг таъкидлашича, қирғовулларни овлаш тақиқланмаган, масалан, ўтган йилда ажратилган квота доирасида Қорақалпоғистон овчиларига 1800 бош қирғовулни овлашга рухсатнома берилган. Бироқ, қирғовулларнинг бош сонини кўпайтириш зарурлиги мутахассислар томонидан эътироф этилгани боис икки йиллик тақиқ ўрнатилмоқда.

«Газета.uz»га Ўзбекистон қушларни муҳофаза қилиш жамияти Қорақалпоғистон бўлими бошлиғи, биология фанлари доктори Якуб Аметовнинг маълум қилишича, Қорақалпоғистон ҳудудида хива қирғовули (Phasianus colchicus chrysomelas) кичик тури яшайди.

«Сўнгги пайтларда ушбу тур камайиб кетмоқда. Бунга сабаб эса уларнинг кўп миқдорда овланаётгани ва сув режимининг ўзгаришидир. Аслида қирғовуллар инсон таъсири кам бўлган чангалзорлар, туқайлар ва қишлоқ хўжалиги экин майдонлари атрофида яшайди. Лекин, ҳозирги пайтдаги сув режимининг ўзгариши сабабли қишлоқ жойларда ҳам учрайди», — деди Аметов.

Унинг сўзларига кўра, «овчиларнинг бу қушни кўп ов қилишининг асосий сабаби гўштининг ширинлигида».

Тақиқ жорий этилгунига қадар бу қуш турини рухсат билан овлаш мумкин бўлган. Аммо, қонунга ҳилоф равишда овлаш қирғовулнинг ҳар бир боши учун Ўзбекистон фуқароларини БҲМнинг 2 баравари (амалда 540 минг сўм), чет эл фуқароларини эса 150 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортишга сабаб бўлади.

Унинг таъкидлашича, ҳар битта тур биосферанинг озуқлик занжирида ўз ўрнига эга. «Қирғовуллар ҳам шу занжирнинг иштирокчиси ва мувозанатни сақлаб туришда иштирок этади. Қирғовуллар қишлоқ хўжалиги зараркунандаларини қириб фойда келтиради, йиртқичлар учун эса озуқа сифатида хизмат қилади», — деди Якуб Аметов.