Ҳукуматнинг 17 январдаги [26-сон] қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган «Меҳр дафтари» тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида «Меҳр дафтари»га киритилади ва ундан чиқарилади.

«Меҳр дафтари»га киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади. 2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими ишга туширилади.

Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида «Меҳр дафтари»дан чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.

Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.

ХТВ ўз тизимидаги Меҳрибонлик уйлари, Болалар шаҳарчалари, Республика болалар ўқув-тарбия муассасалари ва Оилавий болалар уйлари, ССВ ўз тизимидаги Болалар уйлари, «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» ўзининг тарбияланувчилари ва битирувчилари, туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари томонидан васийликка (ҳомийликка, патронатга) олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларни «Меҳр дафтари»га киритади.

«Меҳр дафтари»га киритилган болаларни қўллаб-қувватлаш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси ва Миллий гвардия, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлигининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбаси томонидан мувофиқлаштирилади.

Бундан аввал, Ҳукумат қарори билан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга 18 ёшга тўлганида кўп квартирали уй-жойлардан умумий майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, никоҳ тузилган ҳолларда эса, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилиши белгиланиб, уларга уй-жойга кўчиб кириш учун асос бўладиган ордер берилиши ҳам белгиланганди.