Адлия вазирлиги фермерлар ва ҳокимлкилар ўртасидаги ерларнинг узоқ муддатли ижара шартномаларини тўлиқ тузишни охирига етказиш чораларини кўради, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева.

Таъкидланишича, фермернинг ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан фойдаланиш борасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берадиган асосий ҳужжат — ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномаси ҳисобланади.

«Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган „Фермерга мадад“ ҳуқуқий акцияси натижалари қарийб 10% фермер хўжаликлари билан ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномалари тузилмаганлигини кўрсатди» — дейилади хабарда.

Шу мақсадда, Адлия вазирлиги ташаббуси билан фермер хўжаликлари ҳамда туман ҳокимлари ўртасида ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномалари тўлиқ тузилишини таъминлаш мақсадида туман ҳокимликлари ҳамда кадастр органлари билан биргаликда тегишли тадбирлар амалга оширилиши белгиланмоқда.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги Қорақалпоғистон адлия вазири, вилоятлар адлия бошқармалари бошлиқларига юборган топшириқ хатида шундай дейилади: «Фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари билан туман ҳокимлари ўртасида ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномалари тузилишини жорий йилнинг 29 январь кунига қадар кадастр органлари ҳамда туман ҳокимлари билан биргаликда хатловдан ўтказилсин».

Қолаверса, хатлов жараёнида ижара шартномаси тузилмаган ҳолатлар аниқланган тақдирда фермер хўжаликлари ва туман ҳокимлари ўртасида шартномаларни тузиш, ДХМ ва кадастрдан рўйхатдан ўтказиш топшириғи берилган.

Адлия вазирлиги фермерларга мурожаат қилиб, агарда туман ҳокими билан ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномаси тузилмаган бўлса, мазкур масалада ҳудудий адлия органларига мурожаат қилиши сўралган.