Президент Тошкент жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини икки баробарга ошириш бўйича кўрсатма берди

Тошкент жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси бор-йўғи — 21 фоизни ташкил қилади, тизимда қарийб 400 та автобус етишмайди. Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас, бунинг оқибатида ЙТҲлар кўп содир бўлмоқда, дея таъкидланди президент иштирокидаги тақдимотда. Шавкат Мирзиёев янги автобус ҳамда электробуслар харид қилиш ва умуман, жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш бўйича кўрсатма берди.

Пойтахтлик депутат унга қарши «сиёсий буюртма» бўлганини маълум қилди

Тошкентнинг Учтепа тумани кенгаши депутати Нуриддин Зайнитдинов «сиёсий буюртма, провакациялар ва босим» туфайли депутатлик фаолиятини якунлаши мумкинлигини маълум қилди. «Газета.uz» билан суҳбатда у булар ортида «туман ва шаҳар ҳокимликлари билан боғлиқ уч-тўртта депутат» турган бўлиши мумкинлигини айтди. Сенат мазкур вазиятни ўрганмоқда.

АОКА Sevimli телеканалидаги миллий сериалга экспертиза тайинлади

Ижтимоий тармоқларда Sevimli телеканали орқали эфирга узатилаётган «Сабрия» миллий сериалидаги беҳаё саҳна кўринишлари жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганидан сўнг, АОКА сериал экспертизадан ўтказилишини маълум қилди.

«Бу ижодкорларнинг бузуқ фантазияси». Саида Мирзиёева — «Сабрия» сериали ҳақида

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева Sevimli телеканалидаги «Сабрия» сериали юзасидан муносабат билдириб, «ҳеч қайси фильмда аёлларга нисбатан бу қадар нафрат кўрмаганман», — дея таъкидлади. Қолаверса, у сериалдаги аёлларга нисбатан зўравонлик саҳналари ва исноддан қутулишнинг ягона «тўғри» йўли сифатида ўз жонига қасд қилиш кўрсатилган эпизодлар учун ижодкорларни танқид қилди.

Пентагон: Ўзбекистон ва Тожикистон авиатехникаларни Афғонистонга қайтармайди

Пентагон расмий вакили Жон Кирбининг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Тожикистондаги Афғонистоннинг ҳарбий самолётларини жойлаштириш масаласи ҳамон кўриб чиқилмоқда. Бироқ, у «самолёт ва вертолётлар „Толибон“ фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига» ишонч билдирмоқда.

Тошкентдаги Давлат санъат музейи ва Самарқанддаги Ипак йўли музейи биноларининг лойиҳалари намойиш этилди

Тошкентдаги Давлат санъат музейи ва Самарқанддаги «Ипак йўли» музейининг янги бинолари лойиҳалари тақдим этилди. Биринчиси 2022−2023-йилларда Алишер Навоий ҳайкали ва Халқлар дўстлиги саройи ўртасида, иккинчиси Университет хиёбони ва Бобур Мирзо кўчаси оралиғида қурилиши режалаштирилган.

Антирекорд яна янгиланди: 1200 дан ортиқ киши коронавируcга чалинди

Сешанба куни коронавируснинг кунлик ҳолати 1214 тага етиб, антирекорд яна янгиланди. 3 нафар бемор эса вафот этди. Бунга қадар, энг кўп ҳолат 16 январь куни — 1037 кишида вирус қайд этилганди.

Қорақалпоғистонда муқовасидаги хато сабаб «Alipbe» методик қўлланмалари қайтариб олинади

Қорақалпоқ тилидаги ўқитувчилар учун «Alipbe» методик қўлланмалари муқовадаги хатолик сабабли қайтариб олинмоқда. Аниқланишича, қўлланманинг муқоваси тегишли комиссияга кўриб чиқиш учун топширилмасдан, тўғридан-тўғри нашриётга юборилган.

Lacetti ва Cobalt мижозларга вақтинча магнитоласиз етказиб берилади

UzAuto Motors компонентларни етказиб беришдаги узилишлар сабабли мижозларга Lacetti ва Cobalt автомобилларини магнитоласиз етказиб беради.

Блогер Миразиз Бозоров иши бўйича суд куни аниқ бўлди

Суд 20 январь куни тошкентлик блогер Миразиз Бозоровга нисбатан жиноят ишини кўришни бошлайди. Жабрланувчилар 4 кишидан иборат бўлиб, улар орасида блогер Шухрат Мусаев ҳамда Аброр Мухтор Алий ҳам бор.

«90−95% беморда ўпка зарарланиши кузатилмаяпти» — Зангиота 1-сон шифохонаси директори

Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусановнинг сўзларига кўра, «5 январдан кейин мурожаат қилган беморларнинг 90−95 фоизида ўпканинг зарарланиши кузатилмаяпти». У даволаниш муддати ўртача 5 кунни ташкил қилаётгани ва касаллик беморларда енгил кечаётганини маълум қилди.

Пойтахтда вакцина олмаган 1044 нафар ходим вақтинча ишдан четлатилди

Душанба куни Тошкент шаҳридаги 508 та бюджет ташкилоти ва тадбиркорлик субъектларида текширувлар ўтказилди. Бунинг натижасида коронавирусга қарши эмланмаган 1044 нафар ходим вақтинча ишдан четлатилди, 200 нафари эса жаримага тортилди. Яна бир ташкилот фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Бухорода фуқаро ИИБ биносида вафот этди

Ғиждувон туманида гиёҳвандлик моддаси сотганликда гумон қилиниб, ички ишлар бошқармасига олиб борилган фуқаро соғлиги ёмонлашиб, вафот этди. Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz» га маълум қилишича, «мурдада тан жароҳати ёки унинг излари аниқланмаган». Тиббий экспертиза ўлимга ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлганини айтмоқда.

Кунига ўртача 45−50 мингта ПЗР-тест олинмоқда — СВВ

Ўзбекистонда ҳар куни ўртача 45−50 минг нафар фуқаро коронавирусни аниқлаш мақсадида ПЗР-тест топширмоқда. Декабрнинг сўнгги ҳафтасида ушбу кўрсаткич 15−20 мингтани ташкил қилганди. Қолаверса, пойтахтнинг 12 та туманида 24 соат давомида ковидга бепул тест топшириш мумкин бўлган манзиллар рўйхати эълон қилинди.

Қарийб 10% фермерлар билан узоқ муддатли ижара шартномаси тузилмаган — Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги «Фермерга мадад» ҳуқуқий акцияси доирасида қарийб 10 фоиз фермер хўжаликлари билан ер участкасининг узоқ муддатли ижара шартномаси тузилмаганини аниқланди. Шундан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон адлия вазири ҳамда вилоятлар адлия бошқармалари бошлиқларига фермерлар ва туман ҳокимлари ўртасида ижара шартномасини тузилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Етим болалар учун «Меҳр дафтари» жорий этилди

Ҳукумат қарорига мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлганларни қўллаб қувватлаш мақсадида «Меҳр дафтари» тизими жорий қилинди. Болалар ушбу дафтарга туман ёки шаҳар ҳокими қарори асосида киритилади ва ундан 25 ёшга тўлганда чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт.

Андижонда 12 нафар аёл «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини ўрганишда гумон қилинмоқда

Андижонда 12 нафар аёл ижтимоий тармоқлар орқали «Ҳизб ут-Таҳрир» ғояларини ўрганишда гумон қилинмоқда. Уларнинг Туркияда бўлиб турган аёлнинг кўрсатмалари асосида тез-тез йиғилиб туришгани айтилди.

Лимон етиштирувчиларга субсидиялар берилади

Ҳукумат қарори билан 2021 йилдан лимон етиштирувчи қишлоқ хўжалиги ташкилотларига харид қилган табиий газга нисбатан муқобил энергия қурилмалари қийматининг 30 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади. Қолаверса, янги лимонзорлар барпо этиш ва кўчатлар харид қилишга ҳар бир сотих учун 300 минг сўмгача миқдорда субсидия берилади.

Сурияга кетишга уринганликда гумон қилинган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Россияга ишлаш учун борган қашқадарёлик фуқаро интернет орқали халқаро террорчи тузилмалар таъсирига тушиб қолиб, Суриядаги жангарилар сафига бориб қўшилишни режалаштиргани айтилмоқда. У Ўзбекистон ДХХ ҳамда Россия ФХХ томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинди.

Асилбек Ашуров Пахтакор туманига ҳоким бўлди

Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Асилбек Ашуров Пахтакор тумани ҳокими этиб тайинланди. У мазкур лавозимда 2018 йилдан бери ишлаб келаётган Шукрулло Бобоевнинг ўрнини эгаллади.

Қорақалпоғистонда икки йилга қирғовулларни овлаш тақиқланди

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши қирғовуллар сонини кўпайтириш мақсадида ҳудудда 2 йил давомида уларни овлашга тақиқ эълон қилди. Экоқўмита ва ИИВга қирғовулларни ноқонуний овланишнинг олдини олиш ва қойидабузарларга нисбатан чоралар кўриш вазифаси юклатилди.

ФТА Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантиришга 100 млн евро қарз беради

Франция тараққиёт агентлиги 2022−2026 йилларда Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш мақсадида 100 млн евро қарз ажратади. Лойиҳанинг умумий қиймати 147,7 млн евро бўлиб, у дастлаб Қорақалпоғистон, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, кейинчалик қолган ҳудудларда амалга оширилади.