Тошкент шаҳар халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг ЎзЛиДеП партиясидан сайланган депутати Нуриддин Зайнитдинов «сиёсий буюртмалар, провокациялар ва босимлар» туфайли ўз фаолиятини тўхтатиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Телеграм-каналида ёзган.

«Охирги воқеалар фонида амалдаги депутатлик фаолиятимни якунлаш ва партия сафидан чиқиб кетиш ва бошқа сиёсий жараёнларда иштирок этмаслик фикрига келдим. Агар шундай қарор қабул қилсам, тушунингки, етарли асослар бор», — деб ёзди у.

«Президент талабларини ўз билганича ишлатадиган раҳбарлар бор экан, одам бўлишимиз қийин», — дея қайд этди у.

«Депутат — халқ вакили экан, бу амалда шундай бўлиши керак, қоғозда эмас. „Сиёсий бюртма“ билан менга қарши депутатлик фаолиятим учун провокациялар уюштирилаётгани ва менга босим ўтказилаётгани, мени обрўсизлантириш, номимни булғашга уринишлар менга ишонган ва мени сайлаган халққа нисбатан қилинган хиёнатдир», — дея таъкидлади Нуриддин Зайнитдинов.

«Менга қандайдир тарзда босим ўтказиб, ҳеч нарсага эриша олишмайди, ким бўлса ҳам», — дея қўшимча қилди у.

«Газета.uz» депутат билан боғланди. У бу провокациялар ортида «туман ва шаҳар ҳокимликларига алоқадор уч-тўрт депутат» турган бўлиши мумкинлигини айтди, бироқ «ахлоқий сабабларга кўра» уларнинг исмларини айтмади.

Унинг сўзларига кўра, унинг коррупцияга қарши фаолияти, ер билан боғлиқ муаммолар ва январь ойи бошида бўлиб ўтган сайловлар билан боғлиқ ҳодиса маҳаллий ҳокимият вакилларининг норозилигини келтириб чиқарган бўлиши мумкин.

Нуриддин Зайнитдиновнинг қайд этишича, Учтепа туманида «туман ҳокими Фарҳод Абдуллаевнинг тадбиркорларга болалар майдончалари ва кўкаламзорлаштирилган ҳудудлардан ер ажратиш бўйича кўплаб қарорлари бекор қилинган».

Депутат 26-мавзе Ширин маҳалласида 32, 22 ва 23-уйлар оралиғидаги 0,2 гектар майдонда савдо-маиший мажмуа ва меҳмонхона қуриш режалаштирилган ҳудуд аҳолисини фаол қўллаб-қувватлаган эди. Туман ҳокими бу жойни «Обод маҳалла» лойиҳаси доирасида «Боғишамол» маҳалласи биноси фасадини таъмирлаш эвазига тадбиркор Қаҳрамон Абдураҳмоновга ажратди.

«Маҳалла биноси фасадини таъмирлаш учун бозор қиймати қарийб 400 минг доллар бўлган 0,2 гектар ер майдони ажратилган. Бу қайси мантиққа мос келади? Қолаверса, аҳолининг уйлари орасидаги яшил ҳудуд сифатида фойдаланиладиган жойда», — дея норози бўлган депутат ҳуқуқ-тартибот идораларидан ер участкаси қандай асосда ажратилганини ўрганишни сўради.

2021 йил май ойида туман прокурорининг протестидан кейин ҳоким 2020 йил 24 ноябрдаги қарорини бекор қилди.

Депутатнинг сўзларига кўра, жами «20−30 та ноқонуний ер ажратиш бўйича қарорлар» бекор қилинган.

Нуриддин Зайнитдинов, шунингдек, уни ҳеч қандай исбот-далил ва асосларсиз Kompromatuz Телеграм-каналида мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари «паравоз» услубида тумандаги навбатдан ташқари сайловларда «Адолат» партиясидан номзодларга овоз беришга мажбурлангани қайд этилган постни ёзганликда айблашганини маълум қилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП аъзоси Расул Кушербаев ҳамкасбини қўллаб-қувватлаб чиқди.

«Иккита ҳокимиятга бир шахс раҳбарлик қилиб келаётган (ижрога ҳам, депутатларга ҳам бошлиқ ҳоким), мантиқсиз бошқарув шароитида фаол депутатлар билан бундай ишлар бўлиши табиий ҳол… Умид қиламизки, жойлардаги мана шундай мантиқсиз бошқарув шароитида бошқа депутатлар журъатни йиғиб, ҳамкасбини қўллаб-қувватлашга куч топа оладилар», — деб ёзди у.

Нуриддин Зайнитдинов ҳозирча депутатликдан кетиш нияти йўқлигини айтди. «Чунки бу мени сайлаган халқ ишончини поймол қилган бўларди», — деди у.

Шунингдек, у ҳозирча ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмаганини айтди.

Шу куни кечроқ, депутат билан боғлиқ ҳолат Сенатнинг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашувчи комиссияси томонидан назоратга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди. Ўрганиш натижалари тўғрисида қўшимча маълумот берилади.