Бухорода ички ишлар бўлими биносида фуқаро вафот этди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов маълум қилди.

17 январь куни Ғиждувон туман ички ишлар бошқармасига фуқаро Ф.Қ. ҳудудда гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланаётган «Аслиддин» исмли шахсга чора кўришни сўраб, ариза билан мурожаат қилган. Ариза юзасидан ички ишлар ходимлари текширув ўтказган.

Тезкор тадбирда А.Р. ушланган. У ариза муаллифи Ф.Қ.га 3 дона гугурт қутиларига жойлаштирилган 12,61 грамм «марихуанна» гиёҳвандлик моддасини 1 млн 350 минг сўмга сотгани аниқланган. Ашёвий далиллар билан ушланган А.Р. суриштирув жараёнида у «марихуанна»ни тумандаги «Ғишти» қишлоғида яшовчи И.Т.дан (1960 й.т.) сотиб олгани ҳақида кўрсатма берган.

«Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида фуқаро И.Т. тумандаги 4-сонли ИИБга таклиф қилинган. У бўлимга етиб келган вақтида соғлиги ёмонлашган ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан зудлик билан тез тиббий ёрдам чақирилган. Бироқ, етиб келган шифокорлар фуқаро И.Т.нинг вафот этганини қайд этган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, вилоят прокуратурасининг тергов — тезкор гуруҳи томонидан 4-сонли ИИБ маъмурий биноси, хизмат хоналари ва бино ён атрофи кўздан кечирилган, лекин, ҳолатга алоқадор излар ёки шубҳали ҳолатлар аниқланмаган.

«Бундан ташқари, бинога ўрнатилган кузатув камералари кўздан кечирилди ҳамда уларнинг хотира мосламалари олиб қўйилди. Шунингдек, И.Т.нинг ўғли Ш. Т. ҳодиса жойига чақирилиб, унинг иштирокида мурда кўздан кечирилди. Мурдани кўздан кечириш жараёнида унинг мурда танасида тан жароҳатлари ёки унинг излари аниқланмаган», — дейилади хабарда.

Тиббий экспертиза берган бирламчи хулосага асосан фуқаро И.Т.нинг ўлимига юрак қон томирлар тромбози, ўпка яллиғланиши оқибатида келиб чиққан ўткир юрак қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси И.Т. муқаддам юрак хуружи бўйича даволаниб келгани ҳамда жарроҳлик амалиёти орқали битта буйраги олиб ташланганини маълум қилган.

Ҳозирда, устидан арз қилинган фуқаро А.Р. га гиёҳвандлик моддасини олгани учун Ғиждувон туман ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Бундан ташқари, И.Т. нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан вилоят прокуратураси терговга қадар текширув ўтказмоқда. Текширув давомида Ғиждувон туман ИИБ ходимларининг ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини таъминлаш мақсадида хизмат текшируви тайинланган.

Терговга қадар текширув натижаси юзасидан қўшимча равишда маълумот берилиши қайд этилган.